Жаҳон - 18:20 · 17.04.2022

«Энг муҳим мақсад — Путиннинг даромадини қисқартириш» — Еврокомиссия раҳбари

Европа Иттифоқи давлатлари «нефть варианти» бўйича Россияга қарши олтинчи санкциялар пакети устида иш бошлагани ҳақида хабар берилганди. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, янги пакет банк секторига қарши чораларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Фото: «The New Yorker»

Еврокомиссия раҳбарининг қайд этишича, Европа Иттифоқи комиссияси янги санкциялар пакети нефтга таъсир қилишини таъминлаш учун «ақлли механизмларни ишлаб чиқмоқда».

«Россия секторининг 37 фоизини ташкил этувчи ‘Сбербанкʼ, ва, албатта, энергия масалаларини ҳам қамраб оламиз. Энг муҳим мақсад эса Путиннинг даромадини қисқартириш», — дейди Урсула фон дер Ляйен.

Европа Иттифоқи кенгаши 8 апрель куни Украинадаги уруш сабабли жорий этилган Россияга қарши санкцияларнинг бешинчи пакетини эълон қилганди. Улар орасида Россия ва Беларусь билан юк ва транспорт коммуникациялари, жумладан, ЕИ орқали транзит, Россия байроғи остида сузувчи кемаларнинг Европа портларига киришига тақиқ қўйилган. Европа Иттифоқи 2022 йилнинг август ойидан бошлаб Россиядан ёғоч, цемент, ўғит, денгиз маҳсулотлари ва кўмир импортини тақиқлаган.

Аввалроқ АҚШ Путиннинг фарзандларига қарши санкциялар киритганди. Шунингдек, Россия олигархларининг санкция остидаги яхталари қаердалиги маълум бўлган.