«Толибон» авиазарба сабабли Покистонга норозилик нотаси топширди
Кескинликни тўхтатмаслик салбий оқибатларга олиб келиши айтилган
Покистон чегарачилари ўлдирилгани сабабли Афғонистон ҳудудига авиазарба бераётгани хабар қилинганди. «Толибон» ҳолат юзасидан Покистонга норозилик нотаси топширди. Бу ҳақда «Etilaatroz» хабар берди.

Афғонистон ташқи ишлар вазири чегарадаги ҳолат юзасидан Покистон элчисини чақиртирган ва мамлакат ҳудудига зарба беришнинг давом этиши икки томонлама муносабатларни кескинлаштириши айтилган. Шунингдек, элчига Кунар ва Хост вилоятларидаги афғон аҳоли пунктларига бомба ва артиллерия ҳужумлари берилгани сабабли норозилик нотаси топширилган.
Ўз навбатида, Покистон ТИВ чегарадаги вазият туфайли «Толибон» вакилини чақирган. Исломободда Афғонистон муваққат ишлар вакили Сардор Аҳмад Шакиб «Теҳрик-э-Толибон Покистон» террорчиларининг минтақада фаоллиги кучаяётганидан хавотирдалигини билдирган.
Маълумот ўрнида, Покистон самолётлари Афғонистоннинг Хост, Кунар ва Пактика вилоятларини бомбардимон қилмоқда. Ҳаво ҳужумлари 15 апрель куни шимолий Вазиристон чегарасида 7 покистонлик аскарнинг ўлдирилиши билан боғлиқ. Чегарачилар Афғонистон толиблари «ортига яширинган» «Теҳрик-и Толибон Покистон» аъзолари томонидан йўқ қилинган.
Таъкидланишича, Кунар вилоятининг чегарага яқин ҳудудларига берилган авиация ва артиллерия ҳужуми оқибатида камида 6 нафар тинч аҳоли, жумладан, 5 нафар вояга етмаганлар ҳалок бўлган.