Видео: Тошкент вилоятида эркак 102’га қўнғироқ қилиб, ходимларни ҳақоратлади
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида эркак 102’га қўнғироқ қилиб ходимларни ҳақоратлади. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 9 апрель куни Чирчиқ шаҳрида яшовчи эркак маст ҳолатда 102’га тунги соат 3:00 дан тонгга қадар қўнгироқ қилган ва операторни ҳеч бир сабабсиз, ножўя сўзлар билан ҳақоратлаган.
Келтирилишича, эркак аввал ҳам худди шундай қилган. Бир неча маротаба ИИБга мурожаат қилган ва ёлғон маълумот берган. Шу сабаб жавобгарликка ҳам тортилган. 9 апрель куни содир этган хатти-ҳаракати учун 42 ёшли эркак яна суд олдида жавоб берган.
«Тунги вақтда бир неча бор Тошкент вилояти ИИББ 102 хизматига беҳуда қўнғироқ қилиб маст ҳолатда ходимларни ҳақоратлаган шахсга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди», дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида 18 ёшли йигит ИИБ ходимини пичоқлагани хабар қилинганди. Шунингдек, Жиззахда ҳайдовчи ЙПХ ходимини уриб, «погон»ини ечиб олгани ва Сурхондарёда бир гуруҳ йигитлар 2 нафар ИИБ ходимини ургани маълум қилинган.