Жаҳон - 19:25 · 17.04.2022

Зеленский Россия билан имзоланадиган тинчлик шартномаси қандай бўлиши мумкинлигини айтди

Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан келишув икки ҳужжатдан иборат бўлиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Фото: «The Times of Israel»

Унинг сўзларига кўра, ушбу икки ҳужжат Украина учун хавфсизлик кафолатлари ҳамда Киев ва Москва ўртасидаги муносабатларни ўз ичига олади.

«Россия билан тинчлик шартномаси икки ҳужжатдан иборат бўлиши мумкин. Улардан бири Украина учун хавфсизлик кафолатлари, иккинчиси эса бевосита Россия билан муносабатларга боғлиқ бўлиши керак», — дейди президент.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, Россия барча масалалар қамраб олинадиган ягона ҳужжат бўлишини хоҳламоқда.

«Аммо ҳамма ҳам ўзини Россия билан бир дастурхон атрофида кўрмаяпти. Улар учун Украина билан боғлиқ хавфсизлик кафолатлари бир масала, Россия билан келишувлар эса бошқа масала», — дейди Украина президенти.

Зеленский, шунингдек, Мариуполда Украина ҳарбийлари йўқ қилинган тақдирда Москва билан музокаралар олиб бормаслигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Россия ва Украина делегациялари музокараларнинг бир неча раундини ўтказган, сўнгги юзма-юз учрашув 29 март куни Истанбулда бўлиб ўтган. Унда Киев Москвага вазиятни ҳал қилиш бўйича ёзма таклифлар топширган. Ўз навбатида, Владимир Зеленский «Bild» нашрига берган интервьюсида Киевнинг Россия президенти Владимир Путин билан музокара столига ўтиришдан бошқа иложи йўқлиги, чунки урушни фақат у тўхтата олишини айтган.

Аввалроқ Зеленский Украинани тарк этмагани сабабини тушунтирганди. Шунингдек, у Киевнинг Россия президенти билан музокара столига ўтиришдан бошқа чораси йўқлигини айтган. Ҳамда дунё Россиянинг тактик ядро қуролидан фойдаланиши эҳтимолига тайёр туриши кераклигини маълум қилганди.