Жамият - 17:23 · 18.04.2022

Алданиб тўймайдиган халқ: молиявий пирамида мавзуси яна кун тартибида

Тошкентда одамларни 3 миллион долларга алдаган «трейдер» ушлангани, фаолияти давомида фуқароларга ҳар ой киритилган маблағнинг 10 фоизи миқдорида фойда олишини айтиб, барқарор даромад таклиф қилиб келгани ҳақида хабар берилган эди. Қуйида «Bugun.uz» ва «Взгляд.uz» нашрларининг бирлашган таҳририяти раҳбари Бекзод Нугманов энг машҳур молиявий пирамидачилар ва уларнинг қурбонлари ҳақида фикр юритади.

Коллаж: «Bugun.uz»

«Халқимиз жуда ажойиб. Турли эртакларга ишониб, алданишни яхши кўради. Хотираси қисқалигидан бу ишни қайта ва қайта содир этаверади. Энг алам қиладигани Ўзбекистонда ҳаддан ортиқ даражада қадрланадиган ва кўкларга кўтариладиган хонандалар шу каби фирибгарларнинг «бизнес»ларини реклама қилиб бериш орқали уларга ёрдам беришади.

90-йиллар, 2000-йиллардаги пирамидалар ўтиб кетди, деб ўйлагандик. QuestNet ва яна алламбало номли мақсади бошида турган одамнинг бойишига, осон пул топишига мўлжалланган бундай пирамидалар бизга сабоқ бўлди, одамларимиз ўзгарган, энди унақа содда эмас, деб ўйлардик. Йўқ, бекор гап экан», — деб сўз бошлаган муаллиф.

Унинг таъкидлашича, ўз вақтида Аҳмадбой номи билан танилган «тадбиркор»ни санъаткорлар атрофида гирдикапалак бўлиб реклама қилган. Одамлар эса уларга ишониб, борини топширган. Аҳмадбой қамалиб, одамлар пулсиз қолган. Ўртада бошқачароқ форматдаги Straus House номли бизнес тури чиққан, унда ҳам худди шу аҳвол кузатилган.

«Мана энди эса Realnaya Investitsiya деган фирибгарликнинг янгича тури билан пул қилган компаниянинг эгалари ҳам қамалибди. Кўзингиз тушмаган бўлса, эслатаман: бу фирма сизга пулингизни халқаро биржаларга тикиб, ойига 10 фоиздан даромад қилишингизни айтади ва сизга ўша пулни олдин пул тиккан одамларнинг пулидан чиқариб бераверади. Хуллас, шунчаки бир кишининг пулини ўнга бўлиб тарқатиб, қолганини қимматбаҳо машиналар, уйлар — умуман, ўз эҳтиёжига сарфлаб юраверган.

Бундай одамларга қандай ишониш мумкин, ҳайрон қоласан киши. Хўжайини — институтни тамомламаган бир йигит. Реклама интервьюларида олий маълумоти йўқлиги, аммо олий маълумотлиларни бошқараётганини айтиб, кулган. Instagram’ига кирсангиз, ҳаммаёқ диний иқтибослару, тиловатлар билан тўла. Шунга яраша иймони ва виждони бор деб алданиш ҳеч гап эмас. Ва ҳар доимгидек ҳамма жойда тайёр шоу-бизнес юлдузлари шу одамни реклама қилган», дейди таҳририятлар раҳбари.

Нугмановга кўра, бугунги кунда молиявий саводхонлик жуда зарур. Чунки билимсизлик, шунчаки кўр-кўрона ишонувчанлик ортидан оддий одамлар зарар кўряпти ва юқорида айтилганидек, бу биринчи марта эмас.