Жамият - 20:19 · 18.04.2022

Ақлбовар қилмас тезлик: ХТВ 2 соат ичида умумий 103 млрд сўмлик 9 та тендерни кўриб чиқди

Халқ таълим вазирлиги 15 апрель куни 2 соат ичида умумий суммаси 103 миллиард 848 миллион сўмлик 9 та тендерни кўриб чиқишга улгурди. Ҳар бир тендерга ўртача 13,3 дақиқа сарфланган. Бу ҳақдаги маълумот Etender.uzex.uz порталига жойланган.

Фото: «Bugun.uz»

Тендер 4–11 синфлар учун рус тили китобини Давлат бюджети маблағлари ва Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобига нашр қилиш бўйича ўтказилган.

Қайд этилишича, Русский язык (ўзбек ва қардош тиллар учун) фанларидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар Россиянинг Герцен номидаги университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

Тендерлар бўйича маълумотларни порталга 15 апрель куни соат 19:59 дан бошлаб юкланиш бошланди.

Скрин: «Etender.uzex.uz»

Протоколга кўра, биринчи тендер шу куни соат 14:51 да, иккинчиси эса 7 дақиқа ўтиб, 14:58 да кўриб чиқилган. Орадан 17 дақиқа ўтиб, соат 15:15 да 9-синф китоблари бўйча тендер ғолиби аниқланган. Яна 17 дақиқа ўтиб, 15:32 да, шунингдек, 15:45 да, 15:59 да, 16:31 да, 16:50 да ва 17:01 да тендер ўтказилиб, ғолиблар аниқланган.

Инфографика: «Bugun.uz»

Маълумот ўрнида, Халқ таълим вазирлиги 2022 йил бошидан бери 20 та тендер ўтказган. Уларнинг 19 таси китоб нашр қилишга мўлжалланган бўлиб, ҳар бир тендернинг қиймати миллиардларни ташкил этади.

Тендерларни, асосан, «Зўр ТВ» эгаларига тегишли «Колорпак» МЧЖ (7 та тендер) ва АОКА биносида жойлашган «Ўзбекистон нашриёт-матбаа ижодий уйи» МЧЖ (4 та тендер) қўлга киритган.

Скрин: «Stat.uz»

Вазирлик томонидан апрелнинг бошида ўтказилган тендерларда ҳам юқоридаги ҳолат кузатилган. Яъни 6 апрель куни ХТВ 9 та тендер ҳақида маълумот жойлаган. Протоколларнинг 7 таси 1 апрель куни 2 соат ичида тузилган. Айнан шу куни тендер ҳужжатларини кўриб чиқиш бўйича рекорд ўрнатилган.

Яъни ХТВ маъсуллари 1 апрель куни соат 17:59 да 730 581 дона мусиқа китобини чиқариш бўйича 12,6 миллиард сўмлик тендер ғолибини аниқлаб, орадан 3 дақиқа ўтгач, 12,5 миллиард сўмлик тендерни якунлаган.

Тендерларнинг ҳеч бирида комиссия аъзолари ўзгармаган. Комиссиянинг бир неча дақиқаларда қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлган тендерларни кўриб чиқиши кишини ҳайратга солади.