Жамият, Жаҳон - 21:00 · 18.04.2022

Бугун оқшоми. «Айиқ қафасидаги қизча» воқеаларининг якуни, Ўзбекистонга четдан келган пул, ҳафтаси оғир бўладиган Луганск

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўтган уч ой давомида Ўзбекистонга хориждан 1,47 миллиард доллар пул ўтказилди. Бу 2021 йилгига қараганда 50 миллион долларга кўпроқ.

Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонга 2022 йилнинг биринчи чорагида жисмоний шахслар томонидан 1,47 миллиард доллар пул ўтказилди. Кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 49 миллион долларга ошган.

Инфографика: Марказий банк

Шунингдек, тижорат банклари орқали жисмоний шахсларга жами 1,73 миллиард долларга валюта сотилган. Бу 2021 йил билан солиштирилганда 709 миллион долларга кўп.

Ўзбекистон йўлларида: ЙТҲлар оқибатида Сурхондарёда 3 киши, Тошкент вилоятида 2 киши, жумладан, 12 ёшли бола вафот этди.

Тошкент вилояти Янгийўл туманида 18 апрель куни «Lada-Largus» ва «Isuzu» ўртасидаги ЙТҲ сабаб 2 киши ҳалок бўлди. Бунга «Lada» ҳайдовчисининг ухлаб қолгани сабаб бўлган. У тонг саҳар соат 06:15 да ҳаракатланиб кетаётган пайтда ухлаб қолган ва оқибатда йўлда тўхтаб турган «Isuzu» юк автомобилининг орқа томонига тўқнашган.

Фото: Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Ҳодиса сабаб «Lada-Largus» йўловчилари — 1983 йилда туғилган ҳайдовчи ва 2010 йилда туғилган бола олган оғир тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида ҳалок бўлган. Шунингдек, яна бир йўловчи шифохонага ётқизилган.

Сурхондарё вилояти Ангор туманида 14 апрель куни иккита машина тўқнашиши оқибатида келиб чиққан ёнғинда ёниб кетди. Ангор-Жарқўрғон йўналишида ҳаракатланиб кетаётган «Nexia-3» ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва қарама-қарши йўналишдан келаётган бошқа бир «Nexia-3»га урилган.

Йўл-транспорт ҳодисаси сабаб машиналарнинг бирида ёнғин содир бўлган. Оқибатда ҳайдовчи ва 23 ёшли йигит ҳамда унинг 23 ёшли турмуш ўртоғи ёниб кетган.

Ҳурматли ҳайдовчилар, тушунарли, дунё ва вақт тез ўтяпти, лекин бу дегани сиз ҳам йўлларда шунақа ҳаракатланишингиз керак дегани эмас. Йўлда қанчалик тез ҳаракат қилсангиз, қабрга ҳам шунча тез етиб борасиз (тиктокерлар, шу жойини видео қилиб, охирида оқ-қора фон билан «ауф» қилишингиз мумкин — рухсат).

Тошкент вилоятида ички ишлар ходимлари ва қулупнай сотувчилари ўртасида жанжал юз берди. Ходимлар уларнинг маҳсулотларини ерга тўкиб юборган.

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида йўлнинг қатнов қисмида ҳаракат хавфсизлигига халақит бериб, қулупнай савдоси билан шуғулланаётган фуқароларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари ходимлари жалб этилган. Фуқаролар уларга қаршилик кўрсатиб жанжал кўтарган (расмий манбага кўра шундай).

Қуйидаги видеодан кўриш тушуниш мумкинки, ички ишлар ходимлари сотувчиларнинг қулупнайларини ерга тўкиб ташлаган. Сотувчилардан бири ходимлар биринчи марта келаётгани, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз 4 нафар боласи бор аёлнинг қулупнайларини ағдариб юборганини айтади.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳолат бўйича (кесатиқли) муносабат билдирди. Унга кўра, «жамоат тартибини бузган барча иштирокчиларнинг шахси аниқланиб, улар билан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Воқеа жойида қасддан ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик, уларга қаршилик кўрсатиш каби чақириқлар қилган фуқаролар ҳам аниқланган».

Шунингдек, Шоҳруҳ Ғиёсов (ИИВ матбуот котиби) «жамоат вакиллари»ни (ҳа, айнан қўштирноқ ичидаги жамоат вакиллари ёзилган, билмадик нега) «йўл ёқаларидаги тартибсиз савдо-сотиқ билан боғлиқ муаммолар, улар ортидан келиб чиқаётган йўл-транспорт ҳодисалари ва ҳоказо масалаларга кўпроқ эътибор қаратишларини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаши»ни алоҳида таъкидлаган.

Ички ишлар ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари (энг камида бировнинг мулкига зарар етказиш) умуман тилга олинмаган. Қизиқ, аммо матбуот котибининг бошқа муносабатларидан кейин «сўкмаганига ҳам шукур» деб юбораркан киши.

Тошкентдаги ҳайвонот боғида қизини айиқ қафасига ташлаган аёл иши бўйича суд тугади. У руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволанади.

Тошкент шаҳридаги ҳайвонот боғида қизини айиқ қафасига ташлаган аёл иши бўйича суд жараёни ўз ниҳоясига етди.

18 апрель куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Жиноят кодексининг 25- (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган З.Тўлагановага тиббий йўсиндаги мажбурлов эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини ҳал қилишга оид жиноят ишини кўриб чиқиш якунланган.

Эълон қилинган суд ажрими билан аёл ижтимоий хавфли қилмишини ақли норасо ҳолатда содир этган деб топилиб, унинг Тошкент Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлари шифохонасида мажбурий даволаниши белгиланган.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов мазкур воқеалар якунига атаб карикатура чизди.

Карикатура: Ҳабибулло Мўйдинов

Хўш, оламда нима гап?

Ушбу ҳафта Украинанинг Луганск ҳудуди учун «оғир» келиши, рус ҳарбийларининг эътибори мазкур вилоятга қаратилиши айтилди. Аҳолини эвакуация қилиш сўралди.

Фото: «УНИАН»

Луганск вилояти маъмурияти раиси Сергей Гайдай рус ҳарбийлари отишмани кучайтириши сабаб аҳолини зудлик билан эвакуация қилишга чақирди. Вилоят раиси ушбу (хабарда келгуси ҳафта дейилган, чунки унда бугун бошланган ҳафта назарда тутилган) ҳафта рус ҳарбийлари ҳужуми Луганскка қаратилишини маълум қилган.

«Кейинги ҳафта оғир бўлиши мумкин. Балки сизни қутқариш учун охирги имкониятдир. Босқинчилик. Эрталаб кўзингизни очганингизда даҳшатли бомба овози эшитилиши мумкин. Сиздан талаб қилинадиган ягона нарса — тирик қолиш. Украина Қуролли кучлари руслар билан учрашишга тайёр, шунда ‘меҳмонлар’ тезда уйларига қочиб кетишни хоҳлашади», — дейди Гайдай.

Қозоғистонда президент қариндошлари қатор лавозимларни эгаллай олмайдиган бўлади.

Қозоғистон адлия вазири Канат Мусин мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг қариндошлари қандай лавозимларга даъвогарлик қила олмаслиги бўйича маълумот берди.

Келтирилишича, Конституцияда президент қариндошларининг сиёсий лавозимларни эгаллаши тақиқланган. Уларнинг рўйхати жуда кенг бўлиб, унга маълум даражадаги дипломатик ходимлар ҳам киради. Мазкур тақиқ жорий этилиши билан президент қариндошлари сиёсий лавозимидан кетади. Уларга қуйидаги лавозимларни эгаллаш тақиқланади:

  • вазир;
  • вазир ўринбосарлари;
  • давлат ва квази-давлат органлари раҳбари.

Тўқаевнинг куёви яқин келажакда Қозоғистоннинг Болгариядаги элчиси лавозимидан озод қилинади.

Таъкидланишича, президентнинг яқин қариндошлари деганда ота-онаси, болалари (асраб олинганлари ҳам), туғишган, тутинган ака-ука ва опа-сингиллари, бобо, буви, неваралари тушунилади. Шунингдек, Қозоғистон коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилигига кўра, улар эр-хотиннинг яқин қариндошларини ҳам ўз ичига олади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.