Фото: «Magic City» боғида «Китобхонлик ҳафталиги» доирасида маданий тадбирлар бошланди
Ҳудудда ташкил этилган махсус павильонларда арзонлаштирилган китоб-савдо ярмаркалари ўтказилди
«Magic City» боғида 18 апрелдан «Китобхонлик ҳафталиги» доирасида маданий тадбирлар бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Китобсевар миллат» шиори остида ўтказилаётган II Республика «Китобхонлик ҳафталиги» доирасида «Magic City» боғида ноширлар, таниқли адиблар, китобхонлар, олимлар, журналистлар, кенг жамоатчилик иштирокида қатор маданий ва маърифий тадбирлар бўлиб ўтган.
Хусусан, боғ ҳудудида ташкил этилган махсус павильонларда «Ўзбекистон», «Шарқ», «Akademnashr», «Янги аср авлоди» каби кўплаб нашриётлар томонидан арзонлаштирилган китоб-савдо ярмаркалари ўтказилган. Шоир ва ёзувчилар билан ижодий учрашувлар, янги асарларнинг тақдимотлари, китоб кўргазмалари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотган.




Таъкидланишича, турли интеллектуал викториналар, маҳорат дарслари, танловлар орқали ҳафталик қатнашчилари ўз билимларини синаб, совғаларга эга бўлган.


Шунингдек, машҳур эстрада хонандалари ижросида куй ва қўшиқлар янгради. Саҳна намойишлари, жумладан, «Нур» болалар театри чиқиши тадбирга алоҳида мазмун бахш этган.