Жаҳон - 17:27 · 18.04.2022

ИШИД собиқ етакчисининг ўлими учун қасос олишга ваъда берди

ИШИД террорчилик ташкилоти ўзининг собиқ раҳбари ўлдирилгани учун қасос олишга ваъда берди. Бу ҳақда «Al Arabia» хабар берди.

Фото: «NPR»

Тақиқланган ташкилот тарафдорларини Украинадаги урушдан фойдаланиб, Европада ҳужумлар уюштиришга чақирган.

«Биз Абу Иброҳим ал-Қурайший ва ташкилотнинг собиқ матбуот котиби ўлими юзасидан қасос олиш кампаниясини эълон қиламиз», дейилади ИШИД эълон қилган хабарда.

ИШИДнинг янги матбуот котиби Абу-Умар ал-Муҳажжир тарафдорларини Россиянинг Украинага ҳужумига ишора қилиб, «бир-бирлари билан жанг қилаётган салибчилар»нинг «мавжуд имкониятидан» фойдаланиб, Европада ҳужумларни қайта бошлашга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил февраль ойида АҚШ президенти Жо Байден Сурияда америкалик ҳарбийлар ИШИД етакчиларидан бири Абу Иброҳим ал-Ҳошими ал-Қурайший ўлдирилганини маълум қилганди. АҚШ маъмурияти террористик ташкилот етакчиси бомба натижасида йўқ қилингани, етакчидан ташқари унинг оила аъзолари ҳам ҳалок бўлганини таъкидлаган.

Шундан сўнг ИШИД раҳбари ўлдирилганини тасдиқлаб, унинг ўрнига янги Абу ал-Ҳасан ал-Ҳошимий ал–Қурайшийни тайинлаган.