Жаҳон - 9:14 · 18.04.2022

«Келгуси ҳафта оғир бўлади, балки сизларни қутқариш учун сўнгги имкондир» — Сергей Гайдай

Луганск вилояти маъмурияти раиси Сергей Гайдай рус ҳарбийлари отишмани кучайтириши сабаб аҳолини зудлик билан эвакуация қилишга чақирди.

Фото: «УНИАН»

Вилоят раиси келгуси ҳафта рус ҳарбийлари ҳужуми Луганскка қаратилишини маълум қилган. Шу сабаб вилоят аҳолиси ҳаётини сақлаб қолиш учун зудлик билан эвакуация қилиш кераклиги айтилган.

«Кейинги ҳафта оғир бўлиши мумкин. Балки сизни қутқариш учун охирги имкониятдир. Босқинчилик. Эрталаб кўзингизни очганингизда даҳшатли бомба овози эшитилиши мумкин. Сиздан талаб қилинадиган ягона нарса — тирик қолиш. Украина Қуролли Кучлари руслар билан учрашишга тайёр, шунда ‘меҳмонлар’ тезда уйларига қочиб кетишни хоҳлашади», — дейди Гайдай.

Таъкидланишича, Украина ҳарбийлари русларга қарши курашиши вилоят аҳолисига ҳам боғлиқ.

Аввалроқ Украинадаги ҳарбий ҳаракатларнинг янги харитаси тузилгани ҳақида хабар берилганди. Унда рус қўшинлари қайси ҳудудлардан чиқиб кетаётгани акс этган.