Жаҳон - 23:18 · 18.04.2022

Озод қилинган ҳудудлар, ракета зарбаларига учраган Львов, такрорланиши айтилган «ДХР ва ЛХР» сценарийси

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 18 апрель куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: Telegram / @andriysadovyi

Украина армияси қарши ҳужумга ўтиб, бир қанча аҳоли пунктларини озод қилди. Бу ҳақда Харьков вилояти маъмурияти раҳбари хабар берди.

Олег Синегубовнинг айтишича, муваффақиятли ҳужум натижасида Украина қўшинлари Базалиевка, Лебяжье ва Кутузовканинг бир қисмини озод қилган.

Зеленский Россия Украинанинг иккита вилоятини «ДХР» ва «ЛХР» каби ажратиб олмоқчилигини айтди

Украина президенти Владимир Зеленский Россия мамлакатнинг иккита вилоятида ДНР ва ЛНР сценарийсини такрорлашга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

«Россия Херьсон ва Запорожье вилоятларини ДНР ва ЛНР каби эгаллаб олишга ҳаракат қилмоқда», — деган Украина раҳбари.

«Демократик дунё Россия қўшинларининг Украина жанубида — Херьсон ва Запорожье вилоятларида қилаётган ишларига муносабат билдириши керак. У ерда ҳибсхоналар қуришяпти, маҳаллий ҳокимият вакилларини ўғирлашяпти, ўқитувчиларни ‘шантаж’ қилишяпти, нафақаларга ажратилган пулларни ўғирлашяпти, гуманитар ёрдам йўлларини тўсиб қўйиб, ўғирлаб, одамлар оч қолишига сабабчи бўлишяпти», — деб қўшимча қилган Зеленский.

Сбербанк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Лев Хасис Россияни тарк этди. Бу ҳақда банк ичидаги манбаларига таяниб «Ведомости» хабар берди.

Айтилишича, топ-менежер АҚШга жўнаб кетган.

«Хасис Украинада махсус ҳарбий операция бошланиши билан АҚШга жўнаб кетди, у ушбу мамлакат фуқаролигига эга», — дейилади хабарда.

Украинанинг Львов шаҳри мери Андрей Садовой ҳудудга ракета зарбалари берилгани маълум қилди.

Садовойнинг айтишича, ракета зарбалари оқибатида 11 киши жароҳатланган. 6 киши ҳалок бўлган, 40 та машина шикастланган.

Spotify стриминг хизмати ўз иловасини AppStore ва PlayMarket’дан россиялик фойдаланувчилар учун олиб ташлади.

Эслатиб ўтамиз, 11 апрелдан бошлаб Spotify Россиядаги фаолиятини бутунлай тўхтатган эди.

Стриминг хизмати Россияда 2020 йил июль ойидан бери ишлаб келган бўлиб, компания Россиядаги фаолияти бошланишини ўз вақтида тарихидаги янги бозорга энг муваффақиятли кириш деб атаган.

Yandex россиялик фойдаланувчилар учун «Медуза» нашрининг веб-сайтига олиб борувчи ҳаволаларни қидирув натижаларидан олиб ташлади (нашрнинг ижтимоий тармоқларига ҳаволаларни қолдирган ҳолда). Бу ҳақда «Медуза» нашрининг ўзи хабар берди.

Қайд этилишича, нашр муҳаррирлари буни 18 апрель куни пайқаган. Эндиликда Yandex’нинг қидирув натижаларида «Медуза»нинг веб-сайтида чоп этилган ҳеч қандай материал чиқиб келмайди.