Жаҳон - 8:08 · 18.04.2022

Қирғизистон президентининг янги қароргоҳи қандай кўринишда бўлиши намойиш қилинди — видео

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг янги қароргоҳи қандай кўринишда бўлиши намойиш қилинди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Маълум қилинишича, мажмуа Бишкекдаги «Иссиқкўл» меҳмонхонаси ўрнида барпо этилади. Қирғизистон раҳбарининг сўзларига кўра, буджетдан қурилиш учун бир тийин ҳам сарфланмайди. «Биз президент маъмурияти балансидаги 16 гектар ерни айирбошлаймиз, холос. Биз ер бердик — улар бизга бино қуришди», — дейди Жапаров.

Таъкидланишича, янги бино марказий аппарат ишини оптималлаштиради ва ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини тезлаштиради. Бундан ташқари, давлат идораларининг бир мажмуага кўчирилиши Бишкек марказидаги йўл тармоғидаги юкни камайтиради. Унинг атрофида асфальтланган йўллар, майсазорлар, буталар, фавворалар ўрнатилган кенг истироҳат боғи жойлашади.

Маълумотларга кўра, февраль ойи охирида қирғизистонлик архитекторлар президент маъмурияти биносининг 26 та эскизини тақдим этган. Ҳакамлар ҳайъати ўзларига ёққан учта лойиҳани танлаб олиб, уларнинг муаллифларига 6 минг доллардан ортиқ маблағ берилган. Яна иккита лойиҳа фахрий ёрлиқларга сазовор бўлган.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров Украинадаги уруш сабаб аҳолидан пулни беҳуда сарфламасликни сўраганди. Шунингдек, давлат раҳбари Россия–Украина урушига муносабат билдирганди.