Жаҳон - 9:40 · 18.04.2022

Қозоғистонда 14 йил аввал бедарак йўқолган ўзбекистонлик аёл топилди

Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда 14 йил аввал йўқолган Ўзбекистон фуқароси топилди. Бу ҳақда «Polisia.kz» хабар берди.

Фото: «Хабар 24»

Маълум қилинишича, олиб борилган рейд тадбирлари давомида полиция ходимлари томонидан пойтахтда бедарак йўқолган 39 ёшли Ўзбекистон фуқароси топилган. У Ўзбекистонда яшовчи қариндошлари томонидан 2008 йилдан буён излаб келган.

Қидирувдаги аёлнинг айтишича, у Олмаота шаҳрига ишлаш учун келган. Шундан сўнг узоқ вақт Чимкент ва Қизилўрда шаҳарларида ишлаган. Кейинроқ ҳужжатларини йўқотиб қўйиб, қариндошлари билан боғлана олмаган. Бу йиллар давомида аёл уй бекаси бўлиб ишлашдан тортиб, хона ва кафеларда тозалашгача бўлган ишни қилган. 2021 йил июль ойидан бошлаб Нур-Султон шаҳрида ижарага олинган хонадонда яшаб келган.

Ҳозирда миграция хизмати ходимлари томонидан аёлга вақтинчалик ҳужжат расмийлаштирилган. Бир ой ичида аёл Қозоғистонни эркин тарк этиб, Ўзбекистонга қайтиши мумкин бўлади.

Аввалроқ Қозоғистонда 39 ёшли Ўзбекистон фуқароси Меҳрибонби Йўлчиева бедарак йўқолгани хабар берилганди. «Tengrinews» Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонасига таяниб, унинг топилгани ҳақида маълум қилганди. Шунингдек, Россиянинг Тверь вилоятида ўзбекистонлик жангчининг суяк қолдиқлари топилганди.