Жаҳон, Сиёсат - 14:15 · 18.04.2022

Қозоғистонда президент қариндошлари қандай лавозимларни эгаллай олмаслиги очиқланди

Қозоғистон адлия вазири Канат Мусин мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг қариндошлари қандай лавозимларга даъвогарлик қила олмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда «Orda.kz» хабар берди.

Фото: «khabar.kz»

Келтирилишича, Конституцияда президент қариндошларининг сиёсий лавозимларни эгаллаши тақиқланган. Уларнинг рўйхати жуда кенг бўлиб, унга маълум даражадаги дипломатик ходимлар ҳам киради. Мазкур тақиқ жорий этилиши билан президент қариндошлари сиёсий лавозимидан кетади. Уларга қуйидаги лавозимларни эгаллаш тақиқланади:

  • вазир;
  • вазир ўринбосарлари;
  • давлат ва квази-давлат органлари раҳбари.

«Масалан, президентнинг синглиси, укаси ёки фарзандлари ‘Самрук-Казина’, ‘Байтерек’ миллий компанияларида юқори лавозимларда ишлай олмайди», — дейди Мусин.

Тўқаевнинг куёви яқин келажакда Қозоғистоннинг Болгариядаги элчиси лавозимидан озод қилинади. Бу президентнинг қариндошларига давлат ва квази-давлат секторида сиёсий ва раҳбарлик лавозимларини эгаллашини тақиқловчи тузатишлар кучга кирганида юз беради.

Таъкидланишича, президентнинг яқин қариндошлари деганда ота-онаси, болалари (асраб олинганлари ҳам), туғишган, тутинган ака-ука ва опа-сингиллари, бобо, буви, неваралари тушунилади. Шунингдек, Қозоғистон коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилигига кўра, улар эр-хотиннинг яқин қариндошларини ҳам ўз ичига олади.

Аввалроқ Қозоғистон президенти қандай ваколатлардан маҳрум бўлиши маълум қилинганди.