Жаҳон - 20:26 · 18.04.2022

Тайванда карантинни бузган йигит 51,5 минг доллар жаримага тортилди

Тайван шимолидаги Синбей шаҳри соғлиқни сақлаш идоралари 18 ёшли ўсмирга карантин қоидаларини бузгани учун рекорд даражада жарима белгилади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Focus Taiwan»

Маълум қилинишича, эндиликда ўсмирнинг оиласи 1,5 миллион Тайван доллари (51,5 минг доллар) тўлаши керак бўлади. Коронавирус тести ижобий чиққан ўсмир 10 кунлик уй карантини режимини бузган. Дам олиш кунларида у дўстлари билан баскетбол ўйнашга ва қиз дўстига совға сотиб олишга борган, унга ҳам инфекция юққан.

Таъкидланишича, дастлаб йигит уйдан чиқиб кетганини инкор этишга уринган. Бироқ полиция ва шифокорлар далил сифатида унинг ижтимоий тармоқларда эълон қилинган «саргузаштлари» акс этган суратларни келтирган. Ушбу расмларнинг скриншотлари интернет фойдаланувчиларидан бири томонидан расмий идораларга юборилган.

Йигитнинг ўзи COVID-19 билан касалланган беморларнинг жойлашувини кузатиш дастури сабабли телефонини уйда қолдирган. Суратга тушиш учун бошқа смартфондан фойдаланган. Тайванда унга нисбатан белгиланган жарима пандемия бошланганидан бери рекордга даражадаги жарима ҳисобланади.

Аввалроқ Тайванда ковиднинг лабораториядан тарқалганини исботлаши мумкин бўлган ҳолат юз берганди.