Жамият, Тошкент ш. - 18:40 · 18.04.2022

Тошкент шаҳри ҳокимлиги аҳолига шошилинч мурожаат йўллади

Тошкент шаҳри ҳокимлиги аҳолини пойтахтда 18 апрель куни кучли шамол ва ёмғир ёғишидан огоҳлантирди.

Фото: «Bugun.uz»

Унда айтилишича, шамол дарахтлар ва шохларни синдириши, мустаҳкам ўрнатилмаган конструкцияларни ўрнидан қўзғатиши мумкин. Бундан уларнинг остидаги одамлар ва автотранспорт воситаларига шикаст етиши мумкин.

«Сиздан кучли шамол кузатилганида кўчада ҳаракатланмасликни, автомобилларни дарахтлар ва бошқа турли мустаҳкам бўлмаган конструкциялардан узоқроқ, хавфсиз жойга қўйишни сўраймиз. Ўзингиз ва мулкингизни бахтсиз ҳодисалардан асранг», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда ҳафталик об-ҳаво маълумоти эълон қилинганди. Унга кўра, 19–20 апрель кунлари барча ҳудудларга циклон таъсири тарқалади. Республика бўйича ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди. 20 апрелда 28–23 даража илиқни ташкил этади. 18 ва 19 апрелда баъзи жойларда шамол 17–22 метр/секундгача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон кузатилади.