Тошкентда интернет клубдаги муштлашув сабаб 10-синф ўқувчиси вафот этди
Тошкент шаҳри Сергели туманида 17 апрель куни 10-синф ўқувчиси вафот этди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, тахминан соат 18:00 да туманда жойлашган интернет клубларнинг бирида 18 ёшли Х.С. 17 ёшли мактаб ўқувчиси И.Ш. билан ўзаро жанжаллашган. Келишмовчилик оқибатида Х.С. вояга етмаган И.Ш.га тан жароҳати етказган.
Етказилган тан жароҳати оқибатида ўсмир касалхонада вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми (Қасддан баданга огир шикаст етказиш) бойича жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи ушланган, тергов давом этмоқда.
Аввалроқ Турин политехника университетидаги жанжал оқибатида 18 ёшли талаба вафот этганди. Шунингдек, Андижондаги мактабда оммавий муштлашув бўлгани айтилган.