Тошкентда қизини айиқ қафасига ташлаган аёл иши бўйича суд ниҳоясига етди
Тошкент шаҳридаги ҳайвонот боғида қизини айиқ қафасига ташлаган аёл иши бўйича суд жараёни ўз ниҳоясига етди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар бермоқда.

Таъкидланишича, 18 апрель куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Жиноят кодексининг 25- (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган З.Тўлагановага тиббий йўсиндаги мажбурлов эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини ҳал қилишга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ўз ниҳоясига етди.
Эълон қилинган суд ажрими билан у ижтимоий хавфли қилмишини ақли норасо ҳолатда содир этган деб топилиб, унинг Тошкент Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлари шифохонасида мажбурий даволаниши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, ҳайвонот боғида 28 январь куни аёл кичкина қизни айиқлар қафасига ташлагани хабар қилинганди. Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги қизнинг соғлиғи бўйича маълумот берган.
Шунингдек, шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси қизига нисбатан жиноят содир этган аёл ҳақида маълумот бериб, у руҳий тушкунликка тушиб қолганидан юқоридаги ҳолатни содир этганини маълум қилган.
Бош прокуратура эса ўрганиш олиб бориб, аёл ярим йилдан руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда туришини аниқлаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан қўшимча маълумот бериб, қизалоқ ва унинг акасига Тошкент ҳайвонот боғига бир умр бепул кириш имкониятини таъминлашга қарор қилинганини билдирган.
Вазирлик, шунингдек, бемор З.А.нинг 18 ёшга тўлгунига қадар саломатлигини доимий назорат қилиш учун Болалар миллий тиббиёт маркази ва унинг директори, тиббиёт фанлари доктори Алишер Шарипов шахсан масъул этиб белгиланганини маълум қилган.
Мавзуга доир:
- «Онанинг кўзларида ачиниш ҳиссини кўрмадик». Аёл қизини айиқ қафасига ташлагани бўйича қўшимча маълумот берилди
- Видео: Тошкент ҳайвонот боғида аёл қизини айиқ қафасига ташлагани акс этган кадрлар эълон қилинди
- Видео: Тошкент ҳайвонот боғида Зузу лақабли айиқ «тақдирланди»
- «Бўйимиз ҳам етиб қолди, баҳорда тўй қилишни режа қилиб турибмиз» — айиқполвон Зузу