Жамият - 16:03 · 19.04.2022

Бош прокуратура мактаб психологининг қизларга уятсиз ҳаракатлар қилгани бўйича маълумот берди

Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 158-сонли мактабда психолог ўқувчи қизларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганди. Бош прокуратура ахборот хизмати ҳолат юзасидан «Nemolchi»га маълумот берди.

Яндекс фото

Келтирилишича, 8 апрель куни Президентнинг ишонч телефонига Миробод тумани 158-сонли мактаб психологига нисбатан чора кўриш бўйича мурожаат келиб тушган. Мурожаатчи ўз аризасида психолог — 1963 йилда туғилган Азад Гасанов 158-сонли мактаб ўқувчилари — 2010–2013 йилда туғилан қизларга тегажаклик қилганини айтиб, унга нисбатан чора кўришни сўраган.

Шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати ҳам ҳолат юзасидан маълумот берган. Унга кўра, 7 апрель куни мактабда 1963 йилда туғилган, шу мактабда психолог лавозимида ишловчи Азад Гасанов вояга етмаган қизларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этгани аниқланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи А.Гасанов шаҳар клиник психиатрия шифохонасига жойлаштирилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.