Жамият, Жаҳон - 21:00 · 19.04.2022

Бугун оқшоми. Мактаб қизларига уятсиз ҳаракатлар қилган психолог, Президентдан қатъий огоҳлантириш олган Ортиқхўжаев, Ғазога зарба берган Исроил

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести. 

Камолиддин Раббимов, 15 сутка ва об-ҳаво.

19 апрель туни Камолиддин Раббимов атрофидаги тушунмовчиликлар билан бошланди. Сиёсатшунос 15 суткага қамалгани айтилганди, аммо кейинчалик судда жарима билангина қутилиб қолгани маълум бўлди. Раббимовнинг ўзи ҳам тушунтириш берди.

Фото: Facebook

Кеча, 18 апрель тунда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов 15 суткага қамалгани ҳақида хабарлар тезлик билан тарқалди. Журналист Илёс Сафаров Раббимов билан гаплашгани, у «панелний»да сақланаётганини ёзган. Шундан сўнг ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ҳолат юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, 17 апрель куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани «Чақар» маҳалласида ўтказилаётган санитария-профилактик тадбирлар (!) жараёнида, чет эл фуқароси (Ғиёсов шу ерига келганди бироз иккиланган шекилли, хабарни 2-3 марта ўзгартириб, Раббимовни бир «фуқаро» деди, кейин «чет эл фуқароси» деди ва якуний қарорга келди — у хорижлик экан) Камолиддин Раббимов хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг фаолиятига асоссиз аралашган (асосли аралашиш мумкинми ўзи?) . Раббимов уларнинг ишига тўсқинлик яратиб, қонуний талабларини бажармаган.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати эса воқеани бошқачароқ (балки янада тушунарлироқ) қилиб ёзган. Ўша куни Раббимов ўз шериги билан Тошкент савдо маркази олдидаги жамоат жойида шовқин қилиб турган вақтда шу ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари келиб, уларнинг шахсини аниқлаш мақсадида ИИБ биносига таклиф қилган. Аммо улар қаршилик кўрсатиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, уларни омма олдида ҳақорат қилган.

Фото: Facebook / Kamoliddin Rabbimov

Ҳолат юзасидан фуқаро Камолиддин Раббимовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (Майда безорилик), 194 (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддалари (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) билан материаллар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун Шайхонтоҳур тумани судига юборилган.

Суд қарорига кўра, Раббимовга узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Аммо ушбу қарор устидан Раббимов киритган аппелация қаноатлантирилиб, суд қарори ўзгартирилган: базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида жарима.

Барчаси ўтгандан кейин Камолиддин Раббимовнинг ўзи воқеа бўйича баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, у қонун устуворлигини шахсий талқини билан ўлчаб, Чорсу бозори ёнидаги рейдга аралашган. У хато ўзидан ўтганини айтиб, бу ишларни сиёсийлаштирмасликни сўраган.

Скрин: Facebook

Айнан ўша куни (яъни кеча) Тошкент шаҳар ҳокимлиги тунда қаттиқ шамол бўлишидан огоҳлантирганди, аммо ҳеч нарса содир бўлмади (албатта, Раббимовни ишини ҳисобга олмаса). «Bugun.uz» нега бундай бўлгани билан қизиқиб кўрганида ҳокимлик бироз шошгани маълум бўлди. «Ўзгидромет» матбуот котиби Муниса Аскаровага кўра, бу шамол бугун, 19 апрель тунда содир бўлиши кутилмоқда. Шундай экан, пойтахт ҳокимлиги кеча берган тавсияларига бугун (ҳам) амал қилинг.

Келажак ёшларники: Ўзбекистонда йил бошидан буён 203,7 минг нафар чақалоқ туғилди.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 1 апрель ҳолатида республикада 203,7 минг туғилиш қайд этилган. Кўрсаткич 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 13,4 фоизга ошган. Бундан ташқари, ўтган йилги туғилишлар сони 30 йил олдинги, 1991 йилги кўрсатгичга қараганда 25,1 фоизга кўпайган.

Чироқчи тумани ҳокими янги ташкил этилган Кўкдала туманига ҳоким бўлди. Чироқчи ҳокими лавозимига эса вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари келди.

Хуррам Жўраев Фото: «Chiroqchi.uz»

Қашқадарё вилоятида янги ташкил этилган Кўкдала туманига Хуррам Жўраев ҳоким этиб тайинланди. Шу муносабат билан у Чироқчи тумани ҳокими лавозимидан озод этилган.

Нодир Эркаев Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Нодир Эркаев Чироқчи туманига ҳоким этиб тайинланган. У тайинловга қадар вилоят ҳокимининг молия-иқтисод масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган.

Ўзбекистонда кўзи ожиз болалар интернатлари «Нурли маскан» мактаблари деб номланади. Улар Ички ишлар вазирлигига оталиққа берилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг тегишли қарорига кўра, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар Ички ишлар вазирлигига бириктирилиб, «Нурли маскан» мактаблари деб номланди. Барча мактаблар ҳудудига видеокузатув мосламалари ўрнатилиб, улар тегишли ҳудудий ички ишлар органларига интеграция қилинади.

Ўзбекистонда оилалар иқтисодий аҳволига кўра 4 тоифага ажратилди. Уларнинг деярли ярми қўшимча даромадга муҳтож деб баҳоланган

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллабай ишлаш тизими ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор бўлиб ўтди. Унда аҳоли даромадларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ҳоким ёрдамчилари уч ой давомида 35,3 миллион аҳоли яшайдиган 6 миллион 900 минг хонадонни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни 4 та тоифага ажратган. Булар:

  • 11 фоизи — кам даромадли;
  • 47 фоизи — доимий даромади бўлгани билан қўшимча даромадга эҳтиёжи бор;
  • 6 фоизи — ижтимоий ҳимояга муҳтож;
  • 36 фоизи — иқтисодий аҳволи яхши, ўзига тўқ оилалар ҳисобланади.

«Бу борада жойлардаги мутасадди раҳбарлар ва ҳоким ёрдамчилари биринчи ва иккинчи тоифадаги хонадонлар билан ишлаб, 3 ойда 736 минг нафар фуқаронинг бандлигини таъминлади ҳамда 54 минг нафар фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитди», дейилади хабарда.

Ушбу йиғилишда Президент Жаҳонгир Ортиқхўжаев, унинг биринчи ўринбосари ва солиқ бошлиғини қатъий огоҳлантирди.

Фото: «Bugun.uz»

Шавкат Мирзиёев иш билан таъминлаш тизимидаги оқсоқликлар сабаб Тошкент шаҳри ҳокими, биринчи ўринбосари ва солиқ бошлиғини қатъий огоҳлантирди. Бундан ташқари, Олтинкўл тумани, Зарафшон шаҳри ҳокимлари ва қатор амалдорлар лавозимидан озод этилди.

«Ҳали 40 фоиз маҳаллада ҳоким ёрдамчиларининг ишида натижа кўрингани йўқ. Мисол учун, 450 та маҳаллада ишсизлик даражаси 20 фоиздан юқори. Бундай маҳаллалар сони Тошкент вилоятида 59 та, Фарғонада 52 та, Андижонда 45 тани ташкил этиб, қолган ҳудудлардан кўп», — деди Президент.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокими, биринчи ўринбосари ва солиқ бошлиғи қатъий огоҳлантирилди. Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари 1-ўринбосарлари лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.

Миллий гвардия ваколатлари кенгаймоқда. Энди улар баъзи маъмурий жазоларни қўллаши мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

Депутат Расул Кушербаевга кўра, Ўзбекистон Миллий гвардиясига қонунчилик асосида бир қатор ваколатлар берилмоқда. Унинг органлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қуйидаги моддалари бўйича ҳуқубузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва жарима тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллашга ҳақли эканлиги белгиланмоқда:

  • 187-моддасининг биринчи қисми (Жамоат жойларида алкоголь махсулотини истеъмол қилиш);
  • 188-модда (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш);
  • 188-2-модда (Вояга етмаган шахснинг кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтда бўлишига йўл қўйиш);
  • 192-модда (Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш) бўйича.

Тошкентдаги мактабда 59 ёшли психолог 9–12 ёшли қизларга уятсиз ҳаракатлар содир этгани аниқланди. У ҳозир клиник психиатрия шифохонасига жойлаштирилган.

Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 158-сонли мактабда психолог ўқувчи қизларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этди. Шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Яндекс фото

Унга кўра, 7 апрель куни Миробод туманидаги 158-сонли мактабда 1963 йилда туғилган, шу мактабда психолог лавозимида ишловчи Азад Гасанов вояга етмаган қизларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этгани аниқланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи А.Гасанов шаҳар клиник психиатрия шифохонасига жойлаштирилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

«Bugun.uz» колумнист Ҳабибулло Мўйдинов псих(иатор)нинг номақбул ҳаракатларига атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Хўш, оламда нима гап?

Исроил қирувчи самолётлари Ғазо секторига ҳужум қилди. Ҳарбийлар Ҳамасга тегишли қурол ишлаб чиқарадиган майдонни нишонга олган. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қурбонлар ёки жароҳатлар ҳақида маълумот берилмаган.

Фото: «Reuters»

Ҳамаснинг қуролли бўлими — Эззидин ал-Қассам бригадалари ҳужумга «ер-ҳаво» ракеталари билан жавоб қайтарган. «Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучимиз сешанба куни эрталаб маҳаллий вақт билан роппа-роса 01:35’да Ғазо сектори осмонида сионистик жанговар самолётларга ‘ер-ҳаво’ ракеталари билан жавоб қайтарди», дейилади хабарда.

Ўз навбатида, Исроил ҳужумга Ғазо секторидан учирилган ракета сабаб бўлгани, у «Темир гумбаз» ҳаво мудофаа тизими томонидан тутиб олинганини таъкидлаган. Ҳамас жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Исроил ҳужумга жавобан қирувчи самолётлар ёрдамида Ғазо секторидаги Ҳамаснинг қурол-яроғ ишлаб чиқариш устахонасига ҳужум қилганини айтган.