Жамият, Тошкент вил. - 19:03 · 19.04.2022

CCВ шер тишлаб олган боланинг аҳволи ҳақида маълумот берди

Тошкент туманидаги маҳаллада 7 апрель куни сут олишга дўконга чиқаётган оилага шер боласи ҳамла қилиб, ташлангани хабар берилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги боланинг аҳволи ҳақида маълумот берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, бола Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 2-сон болалар жарроҳлик клиник шифохонасида даволанмоқда. 7 апрель куни соат тахминан 18:40 да мазкур шифохонанинг травматология ва нейрохирургия бўлими қабулхонасига 2019 йилда туғилган бемор С.М. ота-онаси билан биргаликда мурожаат қилган.

Навбатчи шифокор кўригидан сўнг у «Бошнинг тепа соҳасида, ўнг елканинг тепа учлигида ва ияк қисмида тишланган жароҳатлар» ташхиси билан стационар даволаниш учун ётқизилган.

«Травматология ва нейрохирургия бўлимида шошилинч равишда барча керакли муолажалар ўтказилди. Жумладан, қутуришга қарши антирабик вакцина қўлланилиб, жароҳатларга бирламчи жарроҳлик ишловлари берилди», — дейдди муассаса бош шифокори Д. Сабиров.

Бемор муассасага олиб келинган вақтда умумий аҳволи ўрта оғирликда баҳоланган. Ҳуши жойида бўлса-да, безовта ва қўрқув аломатлари кўзга ташланган. Бош соҳаси рентген ва МСКТ текширувларидан ўтказилган. Патологик синиш аломатлари кузатилмаган. Ёш бемор нейрохирург, неврапатолог ва педиатр каби қатор мутахассислар томонидан консультация қилинган.

Шунингдек, унда қўшимча тарзда юқори нафас йўлларининг яллиғланиши белгилари бўлгани учун кўкрак қафасининг рентгенографияси текшируви ўтказилган. Педиатр томонидан «Ўткир респиратор инфекция. Фарингобронхит» ташхиси қўйилиб, даволашни давом эттириш ва жароҳатларини назорат қилиб туриш мақсадида торакал жарроҳлик бўлимига ўтказилган. Ҳозир болакайнинг умумий аҳволи нисбатан қониқарли. Даво муолажалари режа асосида давом эттирилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморнинг аҳволини назоратга олган. 2-сонли клиник шифохонанинг травматология ва нейрохирургия бўлими бошлиғи Исмат Ниғматов ҳамда Республика бош рабиологи Саидворис Ғаниев томонидан беморнинг ҳолати мунтазам тарзда текшириб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда ушланган шер боласи Тошкент ҳайвонот боғига топширилгани ҳақида хабар берилганди.