Жаҳон - 18:03 · 19.04.2022

Исроил қирувчи самолётлари Ғазо секторига ҳужум қилди

Исроил ҳарбий самолётлари 18 апрель куни Ғазо секторига ҳужум қилди. Бу ҳақда «Aljazeera» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, ҳарбийлар Ҳамасга тегишли қурол ишлаб чиқарадиган майдонни нишонга олган. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қурбонлар ёки жароҳатлар ҳақида маълумот берилмаган.

Ҳамаснинг қуролли бўлими — Эззидин ал-Қассам бригадалари ҳужумга «ер-ҳаво» ракеталари билан жавоб қайтарган. «Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучимиз сешанба куни эрталаб маҳаллий вақт билан роппа-роса 01:35’да Ғазо сектори осмонида сионистик жанговар самолётларга ‘ер-ҳаво’ ракеталари билан жавоб қайтарди», дейилади хабарда.

Ўз навбатида, Исроил ҳужумга Ғазо секторидан учирилган ракета сабаб бўлгани, у «Темир гумбаз» ҳаво мудофаа тизими томонидан тутиб олинганини таъкидлаган. Ҳамас жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Исроил ҳужумга жавобан қирувчи самолётлар ёрдамида Ғазо секторидаги Ҳамаснинг қурол-яроғ ишлаб чиқариш устахонасига ҳужум қилганини айтган.

Аввалроқ Қуддусдаги ал-Ақсо масжидида мусулмон ва яҳудийлар тўқнашганди. Шунингдек, сиёсатчилар Исроил ва Фаластин икки давлат конфедерациясини тузишни таклиф қилганди.