Жамият - 18:34 · 19.04.2022

Ўзбекистонда 2,5 мингта маҳалла «лидер» тадбиркорлар орқали ривожлантирилади

Ўзбекистонда деҳқончилик ва боғдорчиликка ихтисослашган 2,5 мингта маҳалла «лидер» тадбиркорлар орқали ривожлантирилади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, деҳқонлар мавсумга ўз вақтида тайёргарлик кўриши учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасига ажратилган 2 триллион сўм ресурс ҳисобидан иккинчи чоракда қўшимча 350 миллиард сўм йўналтирилади. Ушбу маблағлар «лидер» тадбиркорлар орқали уруғ, кўчат, ўғит сотиб олиш ва бошқа харажатлар учун берилади.

Келтирилишича, ушбу маблағлар ҳисобига 250 та оғир маҳалладаги 165 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш вазифаси қўйилган. Яна 2,5 мингта маҳалла чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликка ихтисослашган. Уларни ривожлантириш учун:

  • камида 1,5 мингта маҳаллага инкубатор;
  • ҳар бир вилоятда камида 20 мингта хонадонга 20-100 тадан хонаки товуқ;
  • 1000 тагача маҳаллада 5-10 та хонадонга асалари уялари тарқатилади.

Бу чора-тадбирлар орқали биринчи ярим йилликда аҳоли хонадонларида чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик йўналишларда камида 140 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш вазифаси қўйилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев иш билан таъминлаш тизимидаги оқсоқликлар сабаб Тошкент шаҳри ҳокими, биринчи ўринбосари ва солиқ бошлиғини қатъий огоҳлантиргани ҳақида хабар берилганди.