Жамият - 23:38 · 19.04.2022

Ўзбекистонда Microsoft компаниясининг офиси очилиши мумкин

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов 18 апрел куни Microsoft компанияси вакиллари билан онлайн учрашув ўтказди. Бу ҳақда ҳукумат порталида хабар берилди.

Фото: «Xhub»

Маълум қилинишича, йиғилишда  Microsoft компанияси, Америка–Ўзбекистон Савдо Палатаси  ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиҳонаси вакиллари  иштирок этган. Учрашувда ҳамкорликнинг долзарб ва истиқболли йўналишлари муҳокама қилинган.

Бундан ташқари, IT-таълимни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиш, ушбу жараёнларга кўпроқ ёшларни жалб этиш, малакали кадрлар тайёрлаш масалалари кўрилган.
Шунингдек, АКТ вазирлиги томонидан Ўзбекистонда компаниянинг офисини очиш таклифи берилган.
Томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирган.
Аввалроқ TikTok компаниясига Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш бўйича таклиф берилгани маълум қилинганди.