Жамият - 16:49 · 19.04.2022

Ўзбекистонда оилаларнинг неча фоизи «ўзига тўқ» экани аниқланди

Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллабай ишлаш тизими ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор бошлангани хабар қилинганди. Йиғилишда аҳоли даромадларига тўхталиб ўтилди.

Фото: «tafsilar.info»

Таъкидланишича, ҳоким ёрдамчилари уч ой давомида 35,3 миллион аҳоли яшайдиган 6 миллион 900 минг хонадонни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни 4 та тоифага ажратган.

Булар:

  • 11 фоизи — кам даромадли;
  • 47 фоизи — доимий даромади бўлгани билан қўшимча даромадга эҳтиёжи бор;
  • 6 фоизи — ижтимоий ҳимояга муҳтож;
  • 36 фоизи — иқтисодий аҳволи яхши, ўзига тўқ оилалар ҳисобланади.

Янги тизим орқали ҳар бир ҳоким, унинг иқтисод бўйича 1-ўринбосари ва ҳоким ёрдамчилари аҳолининг 64 фоизи билан манзилли ишлаш кераклигини билиб олган. Бу борада жойлардаги мутасадди раҳбарлар ва ҳоким ёрдамчилари биринчи ва иккинчи тоифадаги хонадонлар билан ишлаб, 3 ойда 736 минг нафар фуқаронинг бандлигини таъминлади ҳамда 54 минг нафар фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитди.