Президент ҳоким ёрдамчилари пора билан ушланган ҳудудларни санаб ўтди
Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни ўтказилаётган мажлисда пора билан ушланаётган ҳоким ёрдамчилари ҳақида гапирди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

«Жойлардаги айрим ҳоким ёрдамчилари ‘кредит, субсидия, ер олиб бераман’, деб тамагирлик қилаётгани ҳам жуда ачинарли ҳолатдир», — деди Президент. Мисол учун, Тўрақўрғон тумани Шарқ маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси имтиёзли кредитга тавсия бериш учун пора олаётганда ушланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилгани айтилди.
Бу каби ҳолатлар Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Бўка, Бахмал туманлари, Марғилон, Ширин шаҳарларида ҳам мавжуд экани таъкидланди.
«Барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари, республика вакиллари, Убайдуллаев ва унинг қуйи тизими раҳбарларини қатъий огоҳлантираман. Одамларни рози қилиш ва инсон қадрини тушунмаган раҳбарларга орамизда ўрин бўлмайди», — деди давлат раҳбари.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев иш билан таъминлаш тизимидаги оқсоқликлар сабаб Тошкент шаҳри ҳокими, биринчи ўринбосари ва солиқ бошлиғини қатъий огоҳлантиргани ҳақида хабар берилганди.