Жамият - 20:05 · 19.04.2022

Шавкат Мирзиёев ҳоким ёрдамчилари томонидан аниқланган бўш бинолар ҳақида гапирди

Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказиб, ҳоким ёрдамчилари томонидан аниқланган бўш бинолар ҳақида гапирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2022 йил бошидан буён ҳоким ёрдамчилари томонидан 5 мингга яқин бўш бинолар аниқланган. Йиғилишда ҳоким ёрдамчилари аниқлаган бўш бино-иншоотларни сотиш, ижарага беришдан тушган маблағлар ушбу маҳалланинг инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланиши белгиланган.

«Умуман, йил якунига қадар бўш бино қолиши керак эмас», — деди Президент.

Қайд этилишича, йиғилишда, шунингдек, ҳунармандчилик, тикувчилик, косибчилик, қандолатчилик каби уй шароитидаги кичик ишлаб чиқариш лойиҳаларини маҳалланинг ўзида кенгайтириш кераклиги таъкидланган.

Шу муносабат билан бир ой муддатда саноат, ҳунармандчилик ва касаначилик микро марказларини 700 та ихтисослашган маҳаллада ташкил этиш ишларини бошлаш бўйича топшириқ берилган. Бу марказларнинг 70 таси ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда очилиши зарур. Ушбу марказлардан 5 йил муддатда ер ва мол-мулк солиғи ундирилмайди. 2022 йилда бу мақсадларга 500 миллиард сўм йўналтирилади, ушбу саноат марказлари орқали 50 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади.

Аввалроқ Президент ҳоким ёрдамчилари пора билан ушланган ҳудудларни санаб ўтганди.