Жаҳон - 22:30 · 19.04.2022

Шойгунинг муносабати, Украинани қайта тиклайдиган Европа ва урушни «қоралаган» Тиньков

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 19 апрель куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «euneighbourseast.eu»

Канада яна 14 нафар «Россия режимининг яқин ҳамкорлари, жумладан, олигархлар ва уларнинг оила аъзолари»га нисбатан шахсий санкция жорий қилди.

Янгиланган рўйхатга қуйидагилар киритилган: Петр Авен, Олег Бойко, Михаил Фридман, Михаил Гуцериев, Игорь Макаров, Эльвира Набиуллина, Сергей Ролдугин, Александр Торшин, Герман Хан, Александр Пономаренко, Катерина Тихонова, Мария Воронцова, Мария Лаврова, Екатерина Винокурова.

Голландия Украинага зирҳли техника жўнатишини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Марк Рютте Украина президенти Владимир Зеленский билан бўлган телефон мулоқотидан сўнг хабар берди.

Россия Австрия элчихонасининг тўрт нафар ходимини персона нон грата деб эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, дипломатлар 24 апрель куни тугагунга қадар Москвани тарк этишлари керак.

Россиялик миллиардер Олег Тиньков мамлакат ҳарбийларининг Украинага бостириб киришига муносабат билдирди. Бу ҳақда тадбиркор ўзининг Instagram саҳифасида пост қолдирган.

«Мен бу ақлдан озган урушдан бирорта ҳам манфаатдор одамни кўрмаяпман! Бегуноҳ одамлар ва аскарлар ўлмоқда. Генераллар ўз қўшинлари жуда ёмон ҳолатда эканини тушунди. Агар мамлакатда ҳамма нарса ёмон, ниппотизм ва қуллик ботқоғига ботган бўлса, армия қандай қилиб қилиб яхши бўлсин? Кремль расмийлари ёзда нафақат улар, балки болалари ҳам Ўрта ер денгизига бормаслигидан ҳайратда. Ишбилармонлар қолган мол-мулкини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқдалар… Албатта, Z белгисини чизаётган аҳмоқлар ҳам бор, лекин улар ҳар қандай мамлакатда аҳолининг 10 фоизини ташкил этади. Русларнинг 90 фоизи бу урушга қарши!» — деб ёзган миллиардер.

Европа Иттифоқи урушдан кейин Украинани қайта тиклаш бўйича харажатларнинг катта қисмини қоплайди. Бу ҳақда «Bloomberg» ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, бунинг учун бирдамлик траст фонди яратилади. Ушбу фонд Украина ҳукумати билан келишилган ҳолда инвестициялар ва ислоҳотларни молиялаштиради.

Жамғарманинг умумий ҳажми ҳали маълум эмас, чунки уруш ҳали тугамаган. Аммо нашрнинг маълум қилишича, гап тахминан юзлаб миллиард евро ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.

Украинанинг Ирпень шаҳрини тиклаш учун миллиард доллар керак бўлади. Бу ҳақда мазкур шаҳар мэри Александр Марушкин маълумот берди.

Таъкидланишича, маблағнинг 850 миллиони вайрон бўлган ёки шикастланган уй-жой фондини тиклашга, яна 150 миллиони шаҳар инфратузилмасини тиклашга сарфланади.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу уч ҳафта ичида биринчи марта Украинадаги уруш ҳақида фикр билдирди.

Унинг айтишича, Россия «ДХР ва ЛХРни озод қилиш режасини изчил бажармоқда».

Шойгу шунингдек, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари урушнинг боришини имкон қадар «чўзиш» учун ҳамма ишни қилаётганини таъкидлаган.

«Хорижий қурол-яроғ етказиб бериш ҳажмининг ортиб бораётгани уларда Киев режимини урушга ундаш ниятини борлигини яққол кўрсатиб турибди», — деган вазир.