Жамият, Тошкент ш. - 15:44 · 19.04.2022

Тошкентдаги мактабда 59 ёшли психолог 9–12 ёшли қизларга уятсиз ҳаракатлар содир этгани аниқланди

Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 158-сонли мактабда психолог ўқувчи қизларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этди. Шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, 7 апрель куни Миробод туманидаги 158-сонли мактабда 1963 йилда туғилган, шу мактабда психолог лавозимида ишловчи Азад Гасанов вояга етмаган қизларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этгани аниқланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи А.Гасанов шаҳар клиник психиатрия шифохонасига жойлаштирилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда болаларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар учун жазо кучайтирилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкент метрополитенида 13 ёшли қизга номақбул ҳаракатлар қилган эркакка жиноят иши очилган.