Жамият, Тошкент ш. - 14:51 · 19.04.2022

Тошкентдаги «Минор» метроси ёнида автобус ёнгани айтилди — видео

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган, «Минор» метроси олдида автобус ёнаётгани айтилган хабар юзасидан маълумот берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Қайд этилишича, ҳодиса 19 апрель куни соат 12:20 атрофида Юнусобод тумани Амир Темур кўчаси «Минор» МФЙда 24-йўналиш бўйича ҳаракатланаётган «Mercedes-Benz» русумли автобусда содир бўлган. Аммо бу бўйича Тошкент шаҳар ФВБга ҳеч қандай маълумот келиб тушмаган.

Юнусобод тумани ФВ бўлими ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилганда автобусда ҳеч қандай ёнғин содир бўлмагани, унинг компрессоридан катта босимли ҳаво ўтиш шланги орқали ҳаво чиққани сабабли ҳайдовчи ёнғин содир бўлди, деган тахмин билан бирламчи ёнғин ўчириш воситасидан (огнетушитель) фойдалангани, шу боис тутун ҳосил бўлиб, ёнғин сифатида кўрингани маълум бўлган. Автобусга ҳеч қандай зарар етмаган.

«Шу ўринда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги барча ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан асоссиз, нотўғри хабарларни тарқатмасликни сўраб қолади», дейилган хабарда.

Аввалроқ Тошкентда ҳаракатланиб кетаётган «Гелендваген» ёниб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри Сергели туманидаги юк автомобиллари дўконида ёнғин содир бўлган.