Сиёсат - 14:05 · 20.04.2022

АҚШ Ўзбекистон ДХХга 50 та автомобиль совға қилди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига 50 та «Toyota Hilux» ва «Fortuner» русумли автомашина топширди. Бу ҳақда элчихона ахборот хизмати хабар берди.

Фото: АҚШ элчихонаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, автомашиналарни Чегара қўшинлари номидан қўмондон ўринбосари, полковник Бахтиёр Мансуров қабул қилиб олди. Ушбу транспорт воситалари АҚШ давлат департаменти молиялаштирувчи Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси доирасида совға қилинган. Қиймати 2,25 млн долларга тенг автомашиналар АҚШнинг хавфсизлик соҳасида Ўзбекистонга кўрсатаётган ёрдамининг бир қисми ҳисобланади.

Фото: АҚШ элчихонаси ахборот хизмати

«2001 йилда АҚШ ва Ўзбекистон илк бор мудофаа соҳаси ва қуроллар тарқалишининг олдини олиш тўғрисидаги битимни имзолагандан буён мамлакатларимиз ядровий, биологик, кимёвий ва радиологик материаллар тарқалишига қарши курашиш, шунингдек, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича тўла ҳуқуқли шерик бўлиб келмоқда.

Бугун биз ҳамкорлигимизнинг навбатдаги босқичини нишонлашдан мамнунмиз ва умид қиламизки, топширилаётган автомашиналар Ўзбекистон давлат чегараси ва «яшил чегара»ни қўриқлашда чегара қўшинларининг имкониятларини оширади ҳамда чегарадаги воқеа-ҳодисаларга тезкор жавоб қайтириш имконини беради», — деди элчи Розенблюм ўз нутқида.

Фото: АҚШ элчихонаси ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида 4 август куни Ўзбекистон ва АҚШ вакиллари иштирокида коррупцияга қарши курашда ҳамкорлик қилиш тўғрисида ҳукуматлараро ҳужжатни имзолаш маросими бўлиб ўтганди.

Ҳужжатни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм имзолаганди. Унга кўра, АҚШ коррупцияга қарши курашда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилади.