Жаҳон - 9:38 · 20.04.2022

АҚШ ва Европада болалар номаълум касалликка чалинмоқда

АҚШ ва Европадаги бир қанча мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш идоралари болаларда номаълум ва оғир кечадиган жигар касалликларини аниқламоқда. Бу ҳақда «ABC News» хабар берди.

Фото: «NPR»

Тахминларга кўра, бу одатда шамоллашни келтириб чиқарадиган вирус билан боғлиқ бўлиши мумкин. ЖССТ ҳозирда инфекцияларнинг кўпчилигини Буюк Британияда қайд этган. У ерда камида 74 та бола келиб чиқиши номаълум гепатит билан касалланган, бу жигар яллиғланиши билан кечган. Беморларнинг ҳеч бири касалликдан вафот этмаган, аммо олти нафарига жигар трансплантацияси керак бўлган.

АҚШда бу тўққизта ҳолатда кузатилган. Уларнинг барчаси Алабама штатида рўйхатга олинган. Бир ёшдан олти ёшгача бўлган болалар касалланган, икки нафарига жигар трансплантацияси талаб қилинган. Шунга ўхшаш учта ҳолат Испания ва камида тўртта ҳолат Ирландияда аниқланган.

ЖССТ биринчи марта 2022 йил апрель ойининг бошида номаълум касалликлар ҳақида хабар берган. Ўшанда Шотландияда 10 нафар бола, бирида январь, яна тўққиз нафарида март ойида жигарида муаммолар кузатилган. Уларга касалхонага ётқизилганидан кейин гепатит ташхиси қўйилган.

Болаларда сариқ касаллик, диарея ва қорин оғриғи каби умумий аломатлар кузатилган. Лаборатория тадқиқотлари одатда ушбу касалликларни келтириб чиқарадиган гепатит A, B, C ва E вирусларини истисно қилган. Бундан ташқари, халқаро саёҳатлар ёки номаълум инфекцияни юқтириш хавфини туғдирган бошқа омиллар ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

Ҳозирча ЖССТ ушбу сирли касаллик билан боғлиқ ҳеч қандай эпидемиологик хавфни эълон қилмаган. Бироқ, ташкилот инфекциянинг янги ҳолатларини диққат билан кузатиб бориш ва касалликнинг мумкин бўлган сабабларини батафсил ўрганишга чақирган.

Аввалроқ Канадада ёшлар номаълум мия касаллигига чалинаётганди. Шунингдек, АҚШ дипломатлари номаълум синдром билан касалхонага ётқизилганди.