Жаҳон - 17:55 · 20.04.2022

Австралияда мушукларга уйдан ташқарига чиқиш тақиқланди

Австралияда уй мушукларига уйдан ташқарига чиқиш ва боғичсиз кўчада юриш тақиқланди. Бу ҳақда «The Guardian» хабар берди.

Фото: «FACE Foundation»

Маълум қилинишича, Австралия шаҳарларида мушуклар йилига 230 миллион маҳаллий ҳайвонларни ўлдиради. Шу сабабли июль ойидан Канберрада мушукларнинг уйдан чиқиши тақиқланади. Бундай тақиқ аллақачон Бендигода амал қилади. Аделаидада ҳам шунга ўхшаш қоидалар 2022 йил бошида жорий қилинган.

Мельбурндаги ветеринария мутахассиси доктор Жеки Лей мушукни боғичда юришга ўргатиш мумкинлигини айтган. Бироқ у жараён тез бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирган. Бўйинбоғ ўрнига доктор Лей жабдуқдан фойдаланишни таклиф қилган.

Мутахассислар стрессни келтириб чиқарадиган жойларда мушук билан сайр қилишни тавсия этмаган. «Барча мушуклар бир-биридан фарқ қилишини ёдда тутишимиз керак. Баъзилар очиқроқ бўлса, баъзилари ёлғизликни яхши кўради. Боғичда юришни яхши кўрадиган ва буни ҳушламайдиган мушуклар бўлади. Уй ҳайвонингизни диққат билан кузатиб, кейин қарор қабул қилинг», — дейди мутахассис.

Аввалроқ Испания уй ҳайвонларини қонуний оила аъзолари сифатида тан олганди. Шунингдек, Шимолий Корея ҳукумати мушук ва каптарларни ўлдиришни буюрганди.