Бугун оқшоми. 100 доллар порани ютиб юборган ҳайдовчи, Жиззахдаги сел қурбонлари, мусулмон бўлмаганларга ал-Ақсога боришнинг вақтинча тақиқланиши
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Шавкат Мирзиёев 21-22 апрель кунлари Қашқадарёга боради. Ҳамкасбларимиз аллақачон Қаршига жўнатиб кетди.
Президентнинг вилоятга ташрифи давомида ҳудудда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, саноат корхоналари ва ижтимоий соҳа объектлари билан танишиш режалаштирилган. Шунингдек, халқ билан мулоқот қилиш, вилоятни ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича янги вазифаларни белгилаш кўзда тутилган.

Давлат раҳбари иштирокидаги тадбирларда (хусусан, ташрифларда ҳам) қатнашувчи журналистлар (Президент пули) Қаршига жўнаб кетишни бугундан бошлади. Буни уларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар, Telegram каналларида кўриш мумкин.
Масалан, ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худойбердиев ўз Telegram каналида Тошкент-Қарши йўналишида учиб кетаётганини Эркин Воҳидовнинг «Тайёрада» шеъри (ушбу тўртликни ўқишни қатъий тавсия қиламиз — у давлат тили, хусусан, миллий (!) авиакомпаниямиз уни менсимаслиги ҳақида ёзилган) билан эълон қилди. Блогер «Kainbek» («davletovuz») эса бундан Президентнинг Қашқадарёга ташрифини тахмин қилди ва, кўриб турганингиздек, у тўғри бўлиб чиқди.
АҚШ Ўзбекистон ДХХга қиймати 2 миллион доллардан зиёд бўлган 50 та автомобиль совға қилди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига 50 та «Toyota Hilux» ва «Fortuner» русумли автомашина топширди. Уларни Чегара қўшинлари номидан қўмондон ўринбосари, полковник Бахтиёр Мансуров қабул қилиб олди.

Ушбу транспорт воситалари АҚШ давлат департаменти молиялаштирувчи Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси доирасида совға қилинган. Қиймати 2,25 миллион долларга тенг автомашиналар АҚШнинг хавфсизлик соҳасида Ўзбекистонга кўрсатаётган ёрдамининг бир қисми ҳисобланади.

«Бугун биз ҳамкорлигимизнинг навбатдаги босқичини нишонлашдан мамнунмиз ва умид қиламизки, топширилаётган автомашиналар Ўзбекистон давлат чегараси ва «яшил чегара»ни қўриқлашда чегара қўшинларининг имкониятларини оширади ҳамда чегарадаги воқеа-ҳодисаларга тезкор жавоб қайтириш имконини беради», — деди элчи Розенблюм ўз нутқида.
Ҳавотирга ўрин йўқ. Афғонистон ҳудудидан Термизга ракета учирилганини «Толибон» ҳам рад этди.
Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Абдул-Қаҳар Балхий икки давлат чегарасида вазият барқарорлигини айтган. Аввалроқ Ўзбекистон Президент матбуот котиби ҳам ушбу хабарларни рад этиб, вазият барқарорлигини маълум қилганди.

Шунингдек, «Толибон» вазирлик сайтида Афғонистон чегарасида назоратни таъминлаш ва кимдир томонидан хавфсизлик бузилишига йўл қўймаслигини тасдиқлаган.
Тепадаги хабарга умуман алоқаси йўқ: Тошкент аэропорти ёнидаги темир йўлдан ҳарбий техникалар олиб ўтилди.
Тармоқларда Тошкент аэропорти ёнидаги темир йўлдан вагонларда ҳарбий техникалар олиб ўтилаётгани акс этган видеолар тарқалди. Мудофаа вазирлиги бу бўйича изоҳ берди.
Унга кўра, вазирликнинг асосий тадбирлар режасига мувофиқ ҳар йили таъмирлаш заводлари негизида капитал ва ўрта таъмирдан чиқарилган ҳарбий техникаларни қўшинларда режавий алмаштириш ишлари амалга ошириб борилади.
«Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода айнан шу жараёнлар, яъни таъминот ва шахсий таркибни ташиш учун мўлжалланган техникаларнинг қўшинларига юборилиши акс этган», дейилади вазирлик изоҳида.
Демак, ИШИДнинг (содир бўлмаган) номақбул ҳаракатлари фонида бундай кадрларни кўриб ҳавотирланишга ўрин йўқ. Мудофаа вазирлиги ҳам шуни айтмоқчи бўляпти ўз баёнотида.
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида сел келди. Қурбонлар бор.
Жиззах, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятининг қатор туманларида кучли ёғингарчилик кузатилди. Бунинг оқибатида Фориш туманида 4 киши ҳалок бўлди.
Жиззах вилояти Бахмал, Шароф Рашидов, Ғаллаорол, Фориш туманлари ҳамда Самарқанд вилояти Булунғур тумани сой ва сел ўзанларига кучли жала ёғинлар ортидан сел ҳодисалари бўлиб ўтмоқда. Ғаллаорол туманида икки соат ичида йиллик ёғиннинг қарийиб 10 фоизи ёғиб ўтган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Фориш туманида 4 нафар фуқаро (1 нафар эркак, 3 нафар аёл) сел оқимлари оқизиб кетиш оқибатида ҳалок бўлганлиги аниқланган.
Самарқанд шаҳрининг кўплаб кўчаларида ҳудудда ёғган кучли ёғингарчилик сабаб сув тўпланиши ҳодисалари кузатилган. «Бугун ёғинларнинг интенсивлилиги айнан Самарқанд ва Жиззах вилояти ҳудудларида кузатилганлигини айтиб ўтишимиз мумкин», — деб ёзади мутахассис Эркин Абдулаҳатов.
Ҳурматли ўқувчилар, эҳтиётингизни қилинг. Турли фейк хабарларга ишонманг. Маълумотларни расмий манбалар билан солиштириб (рост эканига ишончингиз комил бўлиб), кейин тарқатинг, акс ҳолда аҳоли орасида асоссиз ваҳима уйғониши мумкин.
«Юракдан эмас, ошқозондан чиқариб берилган пора»: Навоийда «ГАИ»га пора таклиф қилган ҳайдовчи пулни ютиб юборди.

Навоий вилояти «Карнаб» кузатув блок постида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори «Nexia» автомашина ҳайдовчисини хавфсизлик камаридан фойдаланмасдан келаётгани учун тўхтатган. Ҳужжатлар текширилганда машинанинг давлат рақами ўзгартирилгани аниқланган. ЙПХ ходими тегишли тартибда ҳужжат расмийлаштириб, машинани жарима майдонига олиб борган. Ҳайдовчи унга машинасини қайтариш эвазига бир миллион сўм пора таклиф қилган.
Воқеадан бир кун кейин фуқаро инспектор билан учрашиб, унга 100 доллар бермоқчи бўлган. Аммо ҳайдовчи тезкор тадбир иштирокчиларини пайқаб қолиб, пулни ютиб юборган.
Тиббиёт ходимлари ёрдамида ҳайдовчининг ошқозонидаги пул чиқариб олинган. М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) 1-банди билан жиноят иши қўзғатилган.
«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов «пора беришнинг ўзгача усули»га атаб карикатура чизди.

Хўш, оламда нима гап?
Президент қариндошларини ҳукумат лавозимларидан бўшатди. Шри-Ланкада.

Мамлакат президенти Готабая Ражапакса мамлакатдаги йирик иқтисодий инқироз шароитида 17 нафар янги вазир тайинлаб, бир қатор қариндошларини лавозимидан бўшатди. Хусусан, унинг икки укаси — Бэзил ва Чамални вазирлар маҳкамасидан бўшатилган, бироқ катта акаси – Маҳинда Ражапаксани бош вазир лавозимида қолган. Унинг тўнғич ўғли, президентнинг жияни Намал Ражапакса давлат бошқаруви вазири лавозимини тарк этган.
Путинчасига айтганда, «деқариндошизация» (қариндошларни ишдан бўшатиш) мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари фонида амалга ошган. Намойишчилар президент ва унинг оиласини ҳокимиятни ушлаб туришда айблаб, уларнинг истеъфосини талаб қилган. «Талаб қиладиям-да, менимча!», деган бўларди, қайсидир ҳамкасбимиз.
Исроилда Рамазон ойи охиригача мусулмон бўлмаганларнинг ал-Ақсо масжидига бориши тақиқланди.
Исроил полицияси Рамазон ойи тугагунга қадар мусулмон бўлмаганларнинг Маъбад тоғи ва ал-Ақсо масжиди ҳудудига боришини тақиқлади. Ушбу амалиёт кўп йиллардан бери Рамазон ойининг сўнгги ўн кунлигида қўлланиб келинади.

Аммо, шундай бўлса ҳам, мазкур қарор яҳудий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг ўнг қанот қонунчилар ва экспертларнинг норозилигига сабаб бўлган. Улар Исроил ҳукуматини фаластинликларга ён босишда айблаган.
Маълумот учун, Маъбад тоғида яҳудийларнинг Инжил ибодатхоналари жойлашган. Шу билан бирга у ерда ал-Ақсо масжиди жойлашган бўлиб, мусулмонлар ибодат учун ташриф буюради.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.