Фарғонада эркак хотинини уй ишлари масаласида тортишиб, болта билан уриб ўлдирди
Фарғона вилояти Учкўприк туманида эркак хотинини уй ишлари масаласида тортишиб, болта билан уриб ўлдирди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум бўлишича, 19 апрель куни соат 08:00 ларда 45 ёшли Х.Д. исмли эркак (4 нафар фарзанди бор, руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда олинган) турмуш ўртоғи билан яшаш хонадонида уй ишларини ўз вақтида қилиш масаласида ўзаро жанжаллашиб қолган. У хўжалик болтаси билан аёлининг бош ва бўйин соҳасига бир неча маротаба уриб, уни қасддан ўлдирган.
Шундан сўнг, Х.Д. Қўқон шаҳар руҳий касалликлар шифохонасига бориб, шифокорларга содир этган жинояти ҳақида айтиб берган. Мазкур ҳолат юзасидан Учкўприк тумани прокуратураси томонидан фуқаро Х.Д. га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи процессуал тартибида ушланди.
Аввалроқ Фарғонада эркак жанжал сабаб танишини болта билан уриб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди.