14:37 | 20.04.22 187

Исроилда мусулмон бўлмаганларнинг ал-Ақсо масжидига бориши тақиқланди

Чеклов Рамазон ойи охиригача давом этади

Исроил полицияси Рамазон ойи тугагунга қадар мусулмон бўлмаганларнинг Маъбад тоғи ва ал-Ақсо масжиди ҳудудига боришини тақиқлади. Бу ҳақда «The Times of Israel» хабар берди.

Фото: «Al Arabia»

Мазкур қарор яҳудий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг ўнг қанот қонунчилар ва экспертларнинг норозилигига сабаб бўлган. Улар Исроил ҳукуматини фаластинликларга ён босишда айблаган. Бироқ Рамазон ойининг сўнгги ўн кунлигида мусулмон бўлмаганларнинг Маъбад тоғига боришини тақиқлаш сиёсати кўп йиллардан бери амал қилади.

Жумладан, 2021 йили собиқ бош вазир Биньямин Нетаньяху Маъбад тоғини Рамазон ойида мусулмон бўлмаганлар учун 19 кунга ёпишни буюрган. Маъбад тоғида яҳудийларнинг Инжил ибодатхоналари жойлашган. Ўз навбатида, у ерда ал-Ақсо масжиди жойлашган бўлиб, мусулмонлар ибодат учун ташриф буюради.

Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни Қуддусдаги ал-Ақсо масжидида мусулмон ва яҳудийлар тўқнашганди. Оқибатда камида 152 фаластинлик жароҳатланган. Исроил полицияси тўқнашувда камида 300 фаластинликни ҳибсга олган. Фаластин манбалари эса уларнинг сони 400 нафарни ташкил қилишини айтмоқда. Томонлар ҳодисада бир-бирини айблаган.