Жиззах вилояти Фориш туманида 20 апрель куни сел келиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Аввалроқ Жиззах вилоятининг Бахмал, Фориш, Ғаллаорол ва Ш.Рашидов туманларида кузатилган кучли ёғингарчиликлар оқибатида сел оқимлари юзага келгани ҳақида хабар берилганди.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёғингарчилик оқибатларини бартараф этиш тадбирлари олиб бормоқда.