Жаҳон - 22:02 · 20.04.2022

Киевга борган Шарль Мишель, Украинага қурол берадиган давлатлар, Россияга кириши тақиқланган артистлар

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 20 апрель куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: Twitter / Charles Michel

Британия, Канада, АҚШ ва Германия Украинага қурол етказиб беришни давом эттириш ниятида эканини эълон қилди.

Британия бош вазири Борис Жонсон Украинага артиллерия тизимларини етказиб беришга ваъда берди.

АҚШ президенти Жо Байден ҳам мамлакат Украинага артиллерия жўнатишни режалаштираётганини айтди.

Канада бош вазири Жастин Трюдо ҳам мамлакат Украинага оғир артиллерия юборишини маълум қилди.

Германия эса Украинага етказиб бериши мумкин бўлган қурол-яроғ захиралари тугаганини, лекин, бу масала бўйича хусусий ҳарбий техника ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилмоқчилигини қайд этган.

Япониянинг Toshiba корпорацияси Россиядан янги буюртмалар ва инвестициялар қабул қилишни тўхтатди.

«Биз Украинадаги вазиятдан жуда хавотирдамиз ва бу можаро қурбонларига ҳамдардмиз.

Украинадаги вазиятга жавобан Toshiba жабрланганларга гуманитар ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги ва Japan Platform нотижорат ташкилотига 100 миллион иена (таҳминан 8,8 миллиард сўм — таҳририят) хайрия қилади» — дейилади корпорация баёнотида.

Қайд этилишича, бу компаниянинг Россиядаги даромади молиявий йил учун даромад прогнозининг тахминан 0,2 фоизини ташкил қилади.

Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин мамлакатга қарши жорий этилган санкцияларни «ноқонуний» деб атади. Бу ҳақда сиёсатчи ўзининг Telegram каналида ёзган.

«Россия Федерациясига қарши санкциялар ноқонуний ҳисобланади. Биз бу мавзуга қайтамиз ва иқтисодиётимизга келтирган зарарингизни кўриб чиқамиз. Сиз барибир компенсация қилишингиз керак бўлади. Қачон ва қандай қилиб бу вақт масаласи.

Иккинчидан, ўзингизни Россия энергия ресурсларининг ягона истеъмолчиси деб ўйламанг. Мамлакатимизда уларни қайта йўналтириш учун бошқа йўналишлар бор. Айниқса шерик сифатида сиз ҳеч ким эмассиз», — деган Володин.

Американинг AeroVironmen компанияси Украинага 100 та Quantix Recon дронларини етказиб беради.

Ушбу разведкачи дрон битта қувватлаш орқали 45 дақиқалик парвозни амалга ошириб, 1,6 квадрат километргача ҳудудни ўрганиб чиқа олади.

Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель Киевга келди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter’даги саҳифасида хабар берган.

«Бугун Киевдаман. Эркин ва демократик Европанинг қоқ марказида», — деб пост қолдирган Мишель.

Россия Мудофаа вазирлиги 20 апрель кунги вазият юзасидан маълумот берди. Унга кўра:

  • Нововоронцовка ва Кислевкада юқори аниқликдаги ракеталар 40 нафарга яқин украиналик аскарни ўлдирган ва 7 та техникани йўқ қилган;
  • кечаси мамлакат самолётлари Украинанинг 73 та ҳарбий объектларига, шу жумладан 4 та қўмондонлик пункти ва 4 та ўқ-дорилар омборига зарба берган;
  • Россия ракета қўшинлари Украина ҳарбий инфратузилмасининг 1053 та объектига зарба берган. Улар орасида 31 та қўмондонлик пункти, 6 та ёнилғи омбори ва 106 та артиллерия отишма позицияси бор.
  • ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Подвысокое, Чистоводовка, Яковенково, Покровское аҳоли пунктлари устида 6 та дрон, шунингдек, Донетск ва Скилеватое ҳудудларида иккита «Точка-У» тактик ракеталарини уриб туширган.

Шимолий Корея Бучадаги воқеаларни Ғарбнинг Россияни қоралаш ва уни изоляция қилишга қаратилган провокацияси деб ҳисоблашини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Россиядаги элчихонасига таяниб «ТАСС» хабар берди.

Россияга бир қатор украиналик санъаткорлар, журналистлар ва маданият ходимларига мамлакат ҳудудига киришни 50 йилга тақиқлади.

Қайд этилишича, рўйхатга 31 киши киритилган. Улар орасида телебошловчилар Дмитрий Комаров, Николай Серга («Орел и решка»), Андрей Бедняков («Орел и решка»), мусиқачилар Алексей Потапенко ва Анастасия Каменских (Потап и Настя), Светлана Лобода, Дмитрий Монатик, Надежда Дорофеева ва Алексей Завгородний («Время и стекло»), Иван Дорн, Андрей Данилко (Верка Сердючка) бор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Орел и решка» кўрсатувининг собиқ бошловчиси, украиналик видеоблогер Антон Птушкиннинг Россияга кириши 50 йилга тақиқлангани ҳақида хабар берилган.

Россия президенти Владимир Путин мамлакатдаги мактабларида давлат байроғини кўтариш ва мадҳия куйлаш ғоясини қўллаб-қувватлашини айтди. Бу ҳақда «Медуза» хабар берди.

«Мадҳия ва байроққа келадиган бўлсак, ҳа, бу жуда тўғри. Лекин буни фақат ҳурмат билан амалга ошириш лозим», — деган Путин.