Жамият, Сирдарё - 11:10 · 20.04.2022

Сирдарёда 1,5 тоннага яқин номаълум ҳайвон гўштлари тўхтатиб қолинди — фото

Сирдарё вилояти ҳудудидаги «Сирдарё» ЙПХ масканида 3 та машинада олиб кетилаётган 1,5 тоннага яқин сифатсиз гўштлар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Ўтказилган тадбир давомида Самарқанд–Тошкент йўналишида ҳаракатланиб ўтаётган «Epica» холислар иштирокида тўхтатилиб текширилган.Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро И.И. бошқарувидаги автотранспорт салон қисмида ҳеч қандай ҳужжатларсиз, келиб чиқиши номаълум бўлган 225 килограмм ҳайвон гўшти борлиги аниқланган.

Фото: Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Шунингдек, Қашқадарё–Тошкент йўналишида ҳаракатланиб ўтаётган «Nexia-1» холислар иштирокида тўхтатилиб текширилган. Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро Э.Э. бошқарувидаги автотранспорт юк хонасида ҳеч қандай ҳужжатларсиз, келиб чиқиши номаълум бўлган 454 килограмм ҳайвон гўшти борлиги аниқланган.

Бундан ташқари, Қашқадарё–Тошкент йўналишида ҳаракатланиб ўтаётган «Lacetti» текширилган. Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган фуқаро Р.Б. бошқарувидаги автотранспорт юк хонасида ҳам ҳеч қандай ҳужжатларсиз, келиб чиқиши номаълум бўлган 713 килограмм ҳайвон гўшти борлиги маълум бўлган.

Фото: Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Юқорида қайд этилган гўшт маҳсулотлари вилоят Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказига олиб келиниб, лаборатория текширувларидан ўтказилганда истеъмолга яроқсиз экани аниқланган.

Фото: Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Ҳозирда аниқланган ҳолатлар юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ ЖҚБ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Сирдарё вилояти бошқармаси масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда салкам ярим тонна номаълум ҳайвон гўштини олиб кетаётган ҳайдовчи ушланганди. Шунингдек, Самарқандда «Nexia» салони ва юкхонасида 240 килограмм номаълум ҳайвон гўшти олиб кетилаётгани аниқланган.