Жамият, Фарғона - 7:36 · 20.04.2022

Видео: Фарғонада поездга тош отиб, боланинг бошини ёрган эркак ушланди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 10 апрель куни поездга отилган тош 9 ёшли йўловчининг бошини ёргани хабар берилганди. «Zamon» информацион дастурида бу ишни қилган эркак қўлга олингани маълум қилинди.

Кадр: Telegram

Келтирилишича, ушбу воқеадан сўнг қоидабузарга нисбатан қидирув эълон қилинган. Олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида бу ишни қилган 50 ёшли эркак қўлга олинган.

Унинг сўзларига кўра, эркак ўша куни темирйўл ёнидаги каналга балиқ овлагани борган. Кейинроқ спиртли ичимлик ичган. «Спиртли ичимлик ичиб, маст бўлиб қолганим сабабли поезд келган пайтда билмасдан унга тош отдим. Қилган ишимдан пушаймонман. Боланинг оила аъзоларидан кечирим сўрайман», — дейди эркак.

Таъкидланишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда 18 сентябрь куни йўл-патруль хизмати ходимига тош отган маст эркак 15 суткага қамалганди. Шунингдек, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 25 май куни маст фуқаро ИИБ ходимининг машинасига тош отганди.