Жамият, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд - 17:28 · 20.04.2022

Видео: Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида сел келди

Жиззах, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятининг қатор туманларида 20 апрель куни кучли ёғингарчилик кузатилди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари хабар бермоқда.

Скрин: Telegram / @bugunuzlive

Қайд этилишича, Жиззах вилояти Бахмал, Шароф Рашидов, Ғаллаорол, Фориш туманлари ҳамда Самарқанд вилояти Булунғур тумани сой ва сел ўзанларига кучли жала ёғинлар ортидан сел ҳодисалари бўлиб ўтмоқда. Маълум бўлишича, Ғаллаорол туманида икки соат ичида йиллик ёғиннинг қарийиб 10 фоизи ёғиб ўтган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди. Унга кўра, айни пайтда Бахмал туманининг Нурафшон маҳалласи, Гулобод қишлоғи, Ғаллаорол туманининг Молтоб қишлоғи, Шароф Рашидов тумани Куёвбоши маҳалласи ҳамда Фориш тумани Эгизбулоқ маҳаллаларида ёғингарчилик оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Самарқанд шаҳрининг кўплаб кўчаларида ҳудудда ёғган кучли ёғингарчилик сабаб сув тўпланиши ҳодисалари кузатилган. «Бугун ёғинларнинг интенсивлилиги айнан Самарқанд ва Жиззах вилояти ҳудудларида кузатилганлигини айтиб ўтишимиз мумкин», — деб ёзади мутахассис Эркин Абдулаҳатов.

Шунингдек, Қашқадарёнинг Қарши шаҳрида ҳам кучли ёмғир ёғиб ўтгани ҳақида хабар берилмоқда.

«Ўзгидромет» ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, 15 апрель куни ҳудудларда сел-сув тошқинлари бўлиши кутилаётгани тўғрисида шошилинч ахброт берилганини маълум қилди.