Видео: Самарқанддаги мактабни кучли ёғингарчилик сабаб сув босди
Самарқанд шаҳридаги 17-мактаб биносини кучли ёғингарчилик сабаб сув босди. Шаҳар халқ таълими бўлими ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, мактаб биноси олдидан ўтган канализация қувури кичиклик қилиб, сувни тортишга улгурмаган ва мактабнинг ҳовли қисмидаги тарафига сув кирган. Мазкур ҳолат ёмғир тиниши билан мутахассислар томонидан бартараф этилган.
«Шу ўринда айтиш мумкинки, бугунги кунгача бундай муаммо кузатилмаган Муаммо бошқарма бошлиғи Шокир Султонов ва мутахассислар иштирокида муҳокама қилинмоқда. Бу каби муаммолар такрорланмаслиги юзасидан тавсиялар берилди», дейилади хабарда.
Келтирилишича,шаҳар халқ таълими бўлимининг махсус таъмирлаш эксплуатация хизмати томонидан муаммонинг такрорланишини олдини олиш учун зарур ишлар амалга ошириш бошланган.
Аввалроқ Жиззах, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятининг қатор туманларида 20 апрель куни кучли ёғингарчилик кузатилганди. Шунингдек, Сирдарё туманидаги Бахт шаҳарчасини 16 март куни кузатилаётган кучли ёғингарчилик оқибатида сув босганди.