Жаҳон - 23:28 · 20.04.2022

Хитой ТИВ АҚШда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бораётганига ишора қилди

Пекин Қўшма Штатлардаги ижтимоий вазият доимий равишда ёмонлашиб бораётганини қайд этмоқда, у ерда инсон ҳуқуқларининг кўплаб бузилиши ҳолатлари аллақачон «сурункали тизимли муаммо»га айланган. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Вэньбинь маълум қилди.

Фото: «Reuters»

Унинг сўзларига кўра, АҚШ маъмурияти ирқий камситиш, жиноят ва зўравонлик каби долзарб масалаларни ҳал этиши зарурлигини исботловчи кўплаб фактлар бор.

«Биз Америка Қўшма Штатларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазият доимий равишда ёмонлашиб бораётганига эътибор қаратдик. Бу тизимли характердаги сурункали муаммо», — деди дипломат.

Қайд этилишича, нутқи давомида Хитой ТИВ вакили «бойларга фойда келтирадиган ва камбағалларни жазолайдиган» нуқсонли Америка ҳуқуқ тизимига эътибор қаратган.

«Қўшма Штатлар охирги 20 йил ичида ўқотар қуроллардан фойдаланиш билан боғлиқ йирик ҳодисалар ҳар йили содир бўлган ягона ривожланган давлатдир», — дейди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили америкаликлар ва чет элликлар орасида оммавий қурбонларга сабаб бўлган кўплаб зўравонлик ва қонун бузилиши ҳолатларини эслаб.

Маълум қилинишича, АҚШда маҳаллий мусулмонларнинг 93,7 фоизи исломофобия уларнинг ҳиссий ва руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатишини, Осиёдан борган америкаликларнинг 81 фоизи эса уларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайганини айтади. 2020 йилда ўқотар қуроллардан 45 222 киши ҳалок бўлган, бу 2010 йилга нисбатан 43 фоизга кўпдир.

«АҚШ инсон ҳуқуқлари мунтазам равишда поймол қилинадиган давлатга айланмоқда. Шу боис АҚШнинг бошқа давлатлардаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақида масъулиятсиз баёнотлар беришга ҳаққи йўқ. Қўшма Штатлар ўзидаги жиддий инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни тан олиши ва ўз мамлакатида бу бузилишларга олиб келадиган сабабларни бартараф этиши керак», — дейди ТИВ вакили.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ давлат департаменти Ўзбекистонга оид инсон ҳуқуқлари бўйича 2021 йил билан боғлиқ ҳисоботини эълон қилганди. Унда қайд этилишича, Ўзбекистон — Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг тарафдорлари бошчилигидаги сиёсий тузумга эга бўлган конституциявий республика. 24 октябрь куни президентлик сайлови бўлиб ўтган ва Президент Мирзиёев умумий овозларнинг 80,2 фоизини олиб, қайта сайланган. Сайловчилар учун эса ҳақиқий сиёсий муқобил танлов имкони бўлмаган, чунки ҳақиқий мухолифат номзодлари рўйхатдан ўта олмаган ёки сайловда қатнашолмаган. Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти «сайлов куни тинч ўтган бўлсада, овоз бериш, овозларни санаб чиқиш ва натижаларни кўрсатиш чоғида жиддий қонунбузарликлар бўлгани ва муҳим хавфсизлик чоралари кўпинча эътибордан четда қолган»ини таъкидлаган.