Жамият - 14:32 · 21.04.2022

«Амир Темур ва Тўхтамишхон ўртасидаги жанг тарихини ўқидим» — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Амир Темурнинг жанг маҳорати ҳақида гапириб ўтди. Бу ҳақда блогер Хушнуд Худойбердиев хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, давлат раҳбари Амир Темур ва Тўхтамишхон ўртасидаги жанг тарихини ўқигани ҳақида гапириб берган.

«Имконим бўлиши билан китоб ўқишга ҳаракат қиламан. Ўша куни 1 соатча бўш вақтим пайдо бўлиб қолганди, Амир Темур ва Тўхтамишхон ўртасида жанг тарихини ўқидим. Буюк саркардамиз қандай ғалаба қозонгани менга жуда қизиқ эди. Тўхтамиш ҳам осонликча ютқазмаган экан, бунда Амир Темур бобомизнинг юксак ҳарбий тактика ва стратегияси, довюраклиги иш берган. Ўзимга ҳам ёзволдим, Амир Темур жангда 7 та усулни қўллаган экан.

Биз нега шу каби буюк аждодларимиз тарихини яхши ўрганмаймиз? Узоқ йиллар ура-ура билан умуман бошқалар тарихини, бошқалар ғалабасини миямизга сингдиришганди. Мутасаддиларга топшириқ бердим — биз биринчи навбатда ўзимизнинг боболаримиз тарихини ўрганишимиз керак.

Сиз қашқадарёликлар англаб етишингиз керак – шундай улуғ инсон сизларнинг бевосита аждодингиз бўлади», — деган Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 21–22 апрель кунлари расмий ташриф билан Қашқадарёга ташриф буюриши хабар қилинганди. Шунингдек, Президент ташрифни янги ташкил этилган Кўкдала тумани фаоллари билан мулоқотдан бошлагани айтилган.