Жамият - 18:09 · 21.04.2022

«Болаларнинг бошини силаб, оилангиз бағрига олганингиз учун сизларга таъзим қилиб, раҳмат айтаман» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни Қашқадарё вилоятида оилавий болалар уйи ташкил этган ота-оналар билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Қашқадарё вилоятида биринчилардан бўлиб, Китоб туманидаги 5-сон ва Қамашидаги 4-сон Меҳрибонлик уйлари ёпилган. У ерда тарбияланганларнинг бир қисми яқинлари ёнига қайтган бўлса, бир қисми оилавий болалар уйларига қабул қилинган.

Президент Қашқадарёга сафарида Ҳусан Холлиев ва Гулбаҳор Хонимова, Шокир Суюнов ва Гулбаҳор Ҳамидова, Бахтиёр Тўраев ва Гулбаҳор Алланазарова оилалари билан учрашган.

«Давлатимиз сиёсатини амалга ошириб, болаларнинг бошини силаб, оилангиз бағрига олганингиз учун сизларга таъзим қилиб, раҳмат айтаман. Сиз ўзлигимизни, халқимиз маънавиятини намоён этиб, намуна бўлаяпсиз. Бу қийин, буни ҳамма ҳам тушунмаслиги мумкин. Лекин бу савоб ишнинг ажру мукофоти жуда улкан. Сиз тарих яратаяпсиз, ўзингизга маънавий ҳайкал қўяяпсиз. Халқимиз бундай олижаноб фазилатларни юксак қадрлайди», — деган Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мамлакат раҳбари, шунингдек, болалар билан ҳам гаплашган.

«Ҳаёт ўнқир-чўнқир, синовлардан иборат. Ҳозир сизлар учун синов. Лекин, мен ишонаман, келажакда тенгдошларингга ўрнак бўласизлар. Меҳнат, машаққатсиз муваффақиятга эришиб бўлмайди. Мен ҳам болалигимда қийинчилик кўриб, катта бўлганман. Сизлар ҳар доим давлатимизнинг эътиборида бўласиз: таълим-тарбиянгиз, ўқишларга киришингизни назоратга оламиз. Худо хоҳласа, камолингизни кўриш ҳаммамизга насиб этсин», — деган Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Амир Темурнинг жанг маҳорати ҳақида гапириб ўтганди. Шунингдек, Президент Қашқадарёда аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказган.

Bugun — LIVE