Жамият, Жаҳон - 21:00 · 21.04.2022

Бугун оқшоми. Сирдарёда газ баллони портлаган «Nexia-3», Жиззахдаги селнинг бешинчи қурбони, Афғонистонда ҳам тақиқланган TikTok

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда. Асосий маълумотлар.

Президент бугун, 21 апрель куни икки кунлик сафар доирасида Қашқадарёга борди. Мирзиёев ташрифни янги ташкил этилган Кўкдала туманидан бошлади. Давлат раҳбари у ерда туман фаоллари билан учрашиб, мулоқот қилди. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Қашқадарёда кўп ўзгаришлар бўлишига қарамасдан, вилоят бошқаларга нисбатан ортда қолмоқда.

«Узоқ йиллар ура-ура билан умуман бошқалар тарихини, бошқалар ғалабасини миямизга сингдиришганди» — Президент миллий тарихни ўрганиш зарурлиги ҳақида гапирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари суҳбат давомида Амир Темурнинг жанг маҳорати ҳақида гапирган. Шавкат Мирзиёев Амир Темур ва Тўхтамишхон ўртасидаги жанг тарихини ўқигани, Тўхтамишхон осонликча мағлуб бўлмаган бўлсада, Амир Темур юксак ҳарбий тактика ва стратегияси, довюраклиги билан ютиб кетганини айтган. Шу сабабли Президент миллий тарихни ўрганиш кераклигини таъкидлаган.

«Биз нега шу каби буюк аждодларимиз тарихини яхши ўрганмаймиз? Узоқ йиллар ура-ура билан умуман бошқалар тарихини, бошқалар ғалабасини миямизга сингдиришганди. Мутасаддиларга топшириқ бердим — биз биринчи навбатда ўзимизнинг боболаримиз тарихини ўрганишимиз керак», — деган Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев вилоятда оилавий болалар уйи ташкил этган ота-оналар билан учрашди. Суратларда Президент болаларга «iPad» тарқатаётганини кўриш мумкин.

Қашқадарё вилоятида биринчилардан бўлиб, Китоб туманидаги 5-сон ва Қамашидаги 4-сон Меҳрибонлик уйлари ёпилган. У ерда тарбияланганларнинг бир қисми яқинлари ёнига қайтган бўлса, бир қисми оилавий болалар уйларига қабул қилинган. Президент вилоятга сафари давомида шундай оилаларнинг 3 таси билан учрашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Сизлар ҳар доим давлатимизнинг эътиборида бўласиз: таълим-тарбиянгиз, ўқишларга киришингизни назоратга оламиз. Худо хоҳласа, камолингизни кўриш ҳаммамизга насиб этсин», — деган Шавкат Мирзиёев.

Президент матбуот котиби эълон қилган суратларда Шавкат Мирзиёев болаларга iPad тарқатаётганини кўриш мумкин. Уларнинг ўртача нархи, тавсифига кўра, 4-5 миллион сўмдан 15 миллион сўмгачани ташкил қилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давом этмоқда. Президент эртага ҳам ушбу вилоятда бўлади.

Бу йил 9- ва 11-синф ўқувчиларининг якуний назорат имтиҳонлари 26 майдан 15 июнга қадар ўтказилади. Бошқа синфларга босқичли имтиҳон бўлмайди.

Халқ таълим вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамовага кўра, умумтаълим муассасаларида ўқув машғулотлари 2022 йил 25 май куни тугайди ва 9- ва 11-синф ўқувчиларининг якуний назорат имтиҳонлари 26 майдан 15 июнга қадар ўтказилади.

Фото: «Bugun.uz»

Хусусан, 9-синф битирувчилари она тили ва адабиёт, ўзбек тили / рус тили, математика, тарих, жисмоний тарбия ва қўшимча равишда ўқувчиларнинг танлови асосида белгиланган фан бўйича имтиҳон топширади. 11-синф битирувчилари эса она тили ва адабиёт, математика, чет тили, тарих ва ва қўшимча равишда ўқувчиларнинг танлови асосида белгиланган фан бўйича якуний назорат имтиҳонларини топширади.

Лайло Рустамованинг сўзларига кўра, жорий ўқув йили якунида 5-6-7-8 ҳамда 10-синфларнинг босқичли имтиҳонлари бўлмайди.

Жиззахда сел оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 нафарга етди — бадарак йўқолган фуқаро ўлик ҳолда топилди.

Скрин: Telegram / @bugunuzlive

Жиззах вилояти Фориш туманида 20 апрель куни сел келиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлганди. Ҳозиргача уларнинг сони яна биттага кўпайди. Олиб борилган терговга қадар текширув ва тезкор-қидирув тадбирлари натижасида бедарак йўқолган одам сувга чўкиши натижасида вафот этгани аниқланиб, унинг мурдаси топилган.

Бундан ташқари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд вилоятларида кузатилган табиат ҳодисасининг оқибатлари тафсилотларин эълон қилди.

Сирдарёда «Nexia-3»нинг газ баллони портлаб кетди. Суратлардан у қандай машина бўлганини билиш қийин бўлган аҳволга келган.

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида 21 апрель куни «Nexia-3» автомобилининг газ баллони портлаб кетди. Ҳодиса соат 09:50 атрофида шаҳарнинг Жомий МФЙ Пахтакор кўчасида содир бўлган.

«Ватанпарвар» ташкилоти биноси рўпарасида қолдирилган, 1994 йилда туғилган ҳайдовчига тегишли машинанинг газ баллони портлаган. Оқибатда автомашина буткул яроқсиз ҳолга келган ва ёнидаги 2 та автотранспорт воситаларига техник зарар етган. Ҳодисада (хайрат ва ҳайриятки) тан жароҳати олган фуқаролар йўқ. Ҳозирда вилоят ФВБ ва ЙҲХБ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ушбу аянчли воқеага атаб карикатура чизди.

Марказий банк асосий ставкани 17 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. 

Тошкент шаҳрида 21 апрель куни Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда асосий ставкани йиллик 17 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

«bakiroo»нинг ёзишича, бу асосий ставка бирданига 3 фоиз бандига кўтарилгандан кейинги илк йиғилиш ҳисобланади.

«Ўтган беш ҳафта давомида миллий валюта курсининг барқарорлашуви, ҳатто мустаҳкамланиши юз берди (бунда рублнинг нобозор ўзгаришларига алдамчи ишончнинг таъсири йўқ эмас).

Лекин инфиляцион кутилмалар ва хатарлар юқорилигича қолмоқда. Асосий савдо ҳамкорларимиз бўлган давлатлардан инфляция импорти эҳтимоли ортмоқда», деб ёзади иқтисодчи Отабек Бакиров.

Тошкентдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳамширанинг бинога киришига қаршилик қилиб, плакатлар кўтариб чиқди. Жаҳонгир Ортиқхўжаев воқеа жойига тезлик билан борди.

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Марказ-5 да жойлашган 21-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланувчилари плакатлар билан кўчага чиқди. «Bugun.uz» мухбири воқеага жойига бориб, вазиятни ўрганди.

Унга кўра, воқеа жойига журналистлар киритилмаган, ҳуқуқ тартибот ходимлари маълумот олишга тўсқинлик қилган. Воқеа жойига Тошкент шаҳар ҳокими ва болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман етиб келган. Ичкарида йиғилиш бўлаётгани айтилган.

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасининг маълум қилишича, тарбияланувчилар мазкур тарбия муассасаси ҳамшираси З.К ни Меҳрибонлик уйи биносига киришига қаршилик кўрсатмоқчи бўлишган. Муассасага ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари зудлик билан етиб келган ҳамда вазиятни юмшатишган.

Сўнг Халқ таълими вазирлиги «Bugun.uz»га муассаса тарбияланувчилари томонидан ходимлардан бирига нисбатан эътироз кайфияти шакллангани аниқланганини маълум қилди. Ҳозирда муҳит барқарор, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари кун тартиби бўйича шуғулланмоқда ва вазият назоратга олинган. «Nova24»нинг воқеа жойидаги мухбири буни тасдиқлади.

Хўш, оламда нима гап?

«Толибон» ҳаракати Афғонистонда ёшларнинг PUBG ва TikTok’дан фойдаланишини тақиқлади.

Фото: «The New York Times»

Ҳаракат матбуот котиби ўринбосари Иномулла Самангонийга кўра, тақиқланган ўйин ва тармоқ «ёш авлодни чалғитмоқда». «Толибон» ҳукумати Алоқа ва ахборот технологиялари вазирлигига бу бўйича чора кўришни топширган. Мазкур манбалар ёш авлодни йўлдан уриши кўрсатилган. Бундан ташқари, ахлоқсиз мазмундаги канал ва кўрсатувлар фаолиятини тўхтатиш ҳақида буйруқ берилган.

Афғонистон Ҳиндистон ва Покистондан кейин PUBG’ни тақиқлаган учинчи давлат ҳисобланади. TikTok эса, бошқа давлатларда, хусусан Афғонистонга чегарадош Ўзбекистонда ҳам блокланган.

Ўзбекистонликларнинг Россияда рўйхатдан ўтиш муддати 7 кундан 15 кунга узайтирилди.

Фото: «РИА Новости»

Россия Давлат думаси Ўзбекистон билан республика фуқароларининг Россияда мажбурий рўйхатга олинишини мамлакатга кирган кундан бошлаб 15 кунгача узайтириш ҳақидаги келишувни ратификация қилди. Бу Ўзбекистон фуқороларини Россияда мамлакатга кириш санасидан бошлаб 15 кунга рўйхатдан ўтиш (яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш) мажбуриятидан озод қилишни назарда тутади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.