Жамият, Қашқадарё - 20:42 · 21.04.2022

«Энди сифат, нарх, бозор нуқтаи назаридан йўл очиқ» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни Косон туманидаги «Бунёдкор» пахта-тўқимачилик кластерининг ишлаб чиқариш корхоналарини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, бу ерда давлат раҳбарининг кластер ғояси асосида пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашнинг тўлиқ саноат «занжири» яратилган. Биринчи лойиҳа доирасида қарийб 21 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилиб, замонавий тикувчилик фабрикаси ташкил этилган.

Туркия ва Италиядан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган мазкур корхона йилига 6 миллион дона тайёр трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга. Даромад жиҳатидан айтганда, қарийб 100 миллиард сўмлик юқори сифатли кийим-кечаклар тикилиб,  2 миллион долларликдан зиёд тайёр маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган. Айни пайтда фабрикада 320 нафар хотин-қизлар ишламоқда. Президент улар билан суҳбатлашиб, ишларига муваффақият тилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кластерга қарашли калава ип йигириш ва мато тўқиш қувватлари жорий йил июлда, ёғ-мой ишлаб чиқариш корхонаси декабрда фойдаланишга топширилади. Уларда яна 700 га яқин иш ўрни ташкил топади.

Давлат раҳбари шу ерда соҳа мутахассислари, пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари билан суҳбатлашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Биз ҳозирги кластер тизими билан енгил босқични қиволдик. Энди сифат, нарх, бозор нуқтаи назаридан йўл очиқ. Шунинг учун кластерларимизнинг чет элларга хизмат сафарлари, кўргазмаларини ташкил этиш керак», — деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тўқимачилик корхоналарини барқарор хомашё билан таъминлаш учун пахта ҳосилдорлигини ошириш, сунъий тола ишлаб чиқариб, самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни Қашқадарё вилоятида оилавий болалар уйи ташкил этган ота-оналар билан учрашганди.  Шунингдек, Президент Қашқадарёда аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказган.