ФВВ қатор ҳудудларда кузатилган сел талафотлари бўйича маълумот берди
Ҳодиса оқибатларини бартараф этишга жами 520 нафар ходим жалб қилинган
Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд вилоятларида кучли ёғингарчилик сабаб сел келиши ҳамда ҳудудларни сув босиши ҳолатлари кузатилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ва таркибий тузилмаларининг 101, 1050 тезкор рақамларига ёмғир сувларини тортиш, об-ҳаво тўғрисида маълумотлар олиш ва бошқа масалаларда Самарқанд вилоятидан 222 та, Жиззах вилоятидан 14 та, Навоий вилоятидан 10 та, Қашқадарё вилоятидан 1 та жами 280 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Барча мурожаатлар бўйича жумладан, сел оқимлари, сув тошқинлари ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш учун ёнғин-қутқарув бўлинмаларидан 92 та махсус техника, 20 та мотопомпа ҳамда 758 нафар қутқарувчи жалб этилган.
Ёмғир ва оқава суви Самарқанд шаҳрининг 5 та шох кўчасидан ўтувчи автомобиллар қатнов қисмида, 54 та ички кўчалар атрофидаги ирригация тармоқларида, 20 дан ортиқ кўп қаватли уйларнинг ертўлалари ва атрофида, 84 та якка тартибдаги турар жой биноларининг ертўлалари ва ҳовлиларида, 5 та умумтаълим (9, 29, 39, 75-сон умумталим, 1 та ихтисослашган) мактаблар ва М.Улуғбек кўчасидаги Кўзмунчоқ номли боғча ҳовлиси ҳамда Нарпай кўчасидаги «Муз саройи» биноси остидаги автотураргоҳда тўпланган.
Ёмғир Самарқанд туманининг 4 та МФЙларида кузатилиб, Булунғур тумани Ғубдин қишлоғи ҳудудидан ўтувчи М-39 Алмати–Бишкек–Тошкент–Шахрисабз автомобиль йўлининг 1046 километрида ўрнатилган сув ўтказиш қувурига сиғмасдан йўл қатнов қисмига тошган.
Оқибатларни бартараф этиш мақсадида ёнғин-қутқарув бўлинмаларидан 144 нафар шахсий таркиб, 17 та ёнғин-қутқарув техникаси, 11 та мотопомпа ҳамда «Самарқанд сув таъминот» МЧЖдан 6 та махсус техника, 14 нафар ишчи-ходим жалб қилинган.
Жиззах вилоятининг Фориш тумани тоғли ҳудудлари ва адирликларида кузатилган кучли ёғингарчилик сабаб сел оқими Эгизбулоқ МФЙда жойлашган 260 та хўжаликдан ўтиб, уларнинг 53 таси тўлиқ талафот кўрган, 44 тасига ўрта ва 163 тасига енгил даражада зарар етган. Қутқарувчилар томонидан 6 нафар фуқаро сел ичидан қутқарилиб, Фориш тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Ушбу ҳудудда шу каби сел оқимлари бундан тахминан 80 йиллар аввал кузатилган.
Сел оқими 15-сон умумтаълим мактаби ва 9-сон мактабгача таълим муассасаси ҳудудига ҳам кирган. Ички йўлларга сел сувлари тошиши оқибатида транспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган.
Юзага келган сел оқими сабаб Эгизбулоқ МФЙда жойлашган 25 та хўжаликда истиқомат қилувчи 100 дан ортиқ фуқаролар вақтинчалик яшаш учун яқин қариндошларининг уйларига кўчириб ўтказилди. Улар учун туман ҳокимлиги томонидан зарур маҳсулотлар захираси ташкил этилди. Содир бўлган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишларига жами 520 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, вилоят ва туман ҳокимлиги масъул раҳбарлари, ФВДТнинг ҳудудий ва қуйи тизимлари хизматлари ишчи-хизматчилари ҳамда 54 та махсус техника жалб этилди.
Қашқадарё ва Навоий вилоятларида сел оқимлари ўз йўлидан оқиб ўтган. Сел ҳудудлардаги аҳоли яшаш хонадонлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига зиён етказмаган. Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти назорати остида давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Жиззахда сел келиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.