Жамият - 9:00 · 21.04.2022

Ўзбекистонда уй-жойнинг «снос»га тушганини аниқлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Қурилиш соҳасига оид ягона маъмурий қурилиш регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ахборот каналида маълум қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Қарорга кўра, қуйидагилар бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди:

  • бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш;
  • бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш;
  • архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш;
  • лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш;
  • қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объектни рўйхатдан ўтказиш;
  • қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш;
  • кўчмас мулк бузилишга тушган ёки тушмаганлиги тўғрисида маълумотнома бериш.

Шунга мувофиқ бино ва турар жойларнинг бузилишга тушганлик ҳолати ҳақида маълумотнома олиш учун Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига (ЯИДХП) мурожаат қилинади.

Маълумотнома олиш учун аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, 24 соат давомида юборилиши мумкин. Ҳужжат 3 иш кунида расмийлаштирилади ҳамда ариза берувчининг электрон мазилига юборилиб, унга бу ҳақида хабар берилади.

Аввалроқ Президент ипотека кредити орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид фармонни имзолаганди. Ҳужжат билан уй-жойга муҳтож фуқаролар учун қатор енгилликлар яратилган.