Жаҳон - 0:46 · 21.04.2022

Пентагон Россиянинг ядровий таҳдиди бўйича маълумот берди

Пентагон спикери Жон Кирби АҚШ ҳукумати Россиянинг яқин кунларда ядро қуролидан фойдаланиш хавфини кўрмаслигини айтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги сайтида хабар берилди.

Фото: «19 Forty Five»

Келтирилишича, АҚШ Давлат котиби ядровий таҳдидлар ҳақида доимий равишда хабардор қилинади. Мудофаа вазирлиги ҳар куни кузатув ишларини олиб боради. Жараён Россия президенти Владимир Путиннинг ядро қуролидан фойдаланиш таҳдиди фонида кучайган.

Ҳозирча Вашингтон мамлакат ядровий кучларининг тайёргарлик ҳолатини ўзгартириш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпти. «Биз стратегик тўхтатиб туриш позициямизни ўзгартириш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпмиз», — дейди Кирби.

Эслатиб ўтамиз, Пентагон раҳбари Ллойд Остин АҚШ ўзини ядровий таҳдидлардан ҳимоя қила олишини айтганди. Унинг нутқи Путиннинг ядро қуролидан фойдаланиш таҳдиди фонида янграган. Ўз навбатида, Хитой АҚШнинг Тайван билан можарога бевосита аралашувига йўл қўймаслик учун ядровий арсеналини кўпайтирмоқда.